Жамият, Жаҳон - 21:00 · 25.04.2022

Бугун оқшоми. Бўлмайдиган ҳарбий парадлар, Стол теннис федерациясига раис бўлган солиқчи, АҚШга нота юборган Россия

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Йигит кишига қирқ ҳунар оз: Солиқчи Шерзод Қудбиев Стол тенниси федерацияси раиси бўлди.

Стол тенниси федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида Давлат солиқ қўмитаси раҳбар Шерзод Қудбиев ташкилотга раис бўлди.

Фото: «Bugun.uz»

Бу унинг яқин орада қабул қилиб олган иккинчи лавозими. У аввалроқ Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт ректори этиб тайинланганди.

Ўзбекистонда йил бошидан бери истеъмолчиларга 57,5 миллиард сўмлик кешбэк тўлаб берилди.

Март ойида фуқаролар томонидан йиғилган жами кешбек суммасидан 23 апрель ҳолатига 22,7 млрд сўм тўланган. Шунингдек, сотувчилар томонидан 1080 та харид чеки бекор қилингани сабабли 260 миллион сўм кешбек тўланмайдиган бўлди.

Давлат комиссияси 2022/2023-ўқув йили учун республика ОТМларининг бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, тест топшириқлари сони ҳамда баҳолаш мезонларини тасдиқлади.

Унга кўра:

Барча тест топширувчилар учун мажбурий бўлган 3 та фан бўйича:

  • Она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили) — 10 та савол. Ҳар бири учун 1,1 баллдан, максимал балл — 11 балл.
  • Математика — 10 та савол. Ҳар бири учун 1,1 баллдан, максимал балл — 11 балл.
  • Ўзбекистон тарихи — 10 та савол. Ҳар бири учун 1,1 баллдан, максимал балл — 11 балл.

Жами тўплаш мумкин бўлган балл — 33 балл.

Бакалавриат таълим йўналишига мос бўлган 2 та фан бўйича:

  • 1-фан — 30 та савол. Ҳар бири учун 3,1 баллдан, максимал балл — 93 балл.
  • 2-фан — 30 та савол. Ҳар бири учун 2,1 баллдан, максимал балл – 63 балл.

Жами тўплаш мумкин бўлган балл — 156 балл.

Таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, тест топшириқлари сони ҳамда баҳолаш мезонлари билан юқоридаги PDF-файл орқали танишишингиз мумкин.

Беларусь Тошкентда трамвайни тиклаш бўйича ҳамкорликни таклиф қилди.

Фото: «Белта»

Тошкентда «Иннопром. Центральная Азия» халқаро кўргазмаси доирасида Беларусь ва Ўзбекистон бош вазирлари учрашув ўтказди. Унда Беларусь томони Тошкентда трамвайни тиклаш бўйича ҳамкорликни таклиф қилган.

«Йўловчилар шаҳар транспорти соҳасида таклифларимиз бор. Электр транспортининг ривожланиши яқин ўн йилликда транспорт тузилмасини белгилаб берадиган асосий соҳадир. Ушбу экологик тоза транспорт соҳасида ўз имкониятларимизни таклиф қилмоқчимиз», —деди Роман Головченко.

Шунингдек, Тошкентда трамвай қатновини қайта йўлга қўйиш имконияти кўриб чиқилган.

«Беларус томони зарур инфратузилма, режалаштириш ва ҳаракат таркибини етказиб бериш билан комплекс ечимларни тақдим этишга тайёр. Агар шундай қарор қабул қилинса, биз Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имкониятларини ҳам кўриб чиқамиз», — деди бош вазир.

Бу муҳим: Ўзбекистон бўйлаб 9 май куни ҳарбий парадлар ўтказилмайди.

Фото: «Bugun.uz»

Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Ойбек Мамадалиевга кўра, Ўзбекистон бўйлаб 9 май арафасида ҳарбий парадлар ўтказиш назарда тутилмаган.

«Биз биламизки, Ўзбекистонда 9 май ‘Ғалаба куни’ эмас, ‘Хотира ва қадрлаш куни’ этиб белгиланган. Айнан 9 май ‘Хотира ва қадрлаш куни’га бағишланган тадбирлар бутун республика бўйлаб давом этмоқда. Қарияларни қадрлаш ҳамда уларга ҳурмат кўрсатиш мақсадида тадбирлар бошлаб юборилган.

Ўзбекистон бўйлаб 9 май арафасида ҳарбий парадлар ўтказиш назарда тутилмаган. Аввал ҳам парад шаклида бўлмаган, ўтган йил ҳам, ундан аввалги йилларда ҳам бўлмаган. Ҳарбий парад бўлиши тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ», — дейди подполковник.

Карикатура: «Bugun.uz»/ Ҳабибулло Мўйидинов

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов бўлмайдиган ҳарбий парадларга атаб карикатура чизди.

Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макронни Президент сайловида ғалаба қозонгани билан табриклади.

Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэл Макронни ушбу мамлакатда бўлиб ўтган Президент сайловида ғалаба қозонгани билан табриклади.

Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

«Аминманки, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳидаги узоқ муддатли ҳамкорлик муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва интилишларимиз орқали халқларимиз фаровонлиги йўлида изчил ривожланиб бораверади», дейилади, давлат раҳбарининг мактубида.

Францияда ўтган сайлов ҳақида батафсилроқ қуйида.

Хўш, оламда нима гап?

Эммануэль Макрон Франция президенти этиб иккинчи муддатга сайланди. 

Францияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичида 58 фоиздан кўпроқ овоз тўплаган Эммануэль Макрон мамлакат президенти этиб қайта сайланди. Бу мамлакатда охирги 20 йилда содир бўлган илк ҳолат.

Фото: «EPA»

Mамлакатда 24 апрель, якшанба куни президентлик сайловларининг иккинчи босқичи ўтказилган. Маълумотларга кўра, Эммануэль Макрон 58,55 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. Унинг рақиби — «Миллий бирлашув» партияси раиси Марин Ле Пен 41,45 фоизи овоз йиққан.

Сўровномалар натижаси 44 ёшли Макроннинг президентлик сайловларида ғалаба қозонганини кўрсатган. 21 апрелда бўлиб ўтган теледебатда Макрон сайловолди ишларида фаворит бўлган. 2017 йилда Макрон ва Ле Пен президентлик учун курашаётган пайтда сайловчиларнинг 25 фоизи овоз бермаган, бу 1969 йилдан бери Франциядаги президентлик сайловларида энг паст натижа.

Дебатда Ле Пен агар у ғалаба қозонса, мусулмон аёлларнинг жамоат жойларида бошини ўрашни тақиқлаш ҳақидаги сиёсатни амалга оширишини айтган. «Миллий бирлашув» раҳбари Францияда «анархистик ва оммавий» иммиграцияни тугатишга ваъда берган.

Россия АҚШдан Украинага қурол етказиб беришни тўхтатишни талаб қилиб, нота юборди. 

Фото: «Sputnik»

«800 миллион доллар — бу Вашингтоннинг Киевга қурол етказиб берадиган миқдори. Жуда катта кўрсаткич, вазиятга дипломатик ечим излашга ҳисса қўшмайди.

Ҳа, биз АҚШ Украинани қурол-яроғ билан таъминлаётган вазиятнинг номақбуллигини таъкидладик ва бу амалиётни тўхтатишни талаб қилдик», — деди Россиянинг элчиси. У Украинага қурол етказиб бериш вазиятни янада оғирлаштириши, кўпроқ йўқотишлар кузатилиши деб атади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.