Жаҳон - 15:01 · 25.04.2022

Давлатлар 2021 йилда қанча ҳарбий харажат қилгани очиқланди

Давлатларнинг 2021 йилдаги умумий ҳарбий харажати биринчи марта икки триллион доллардан ошди. Бу бўйича «Stockholm International Peace Research Institute» ҳисоботи эълон қилинди.

Фото: «Associated Press»

Маълум қилинишича, xаражатлар 2 триллион 113 миллиард долларлик кўрсаткичга етган, бу 2020 йилга нисбатан 0,7 фоизга, 2012 йилга нисбатан 12 фоизга кўплигини билдиради. Ҳарбий ҳаражатлар бўйича рейтингда АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия ва Россия кучли бешликдан ўрин олган. Ундан кейинги ўринларни мос равишда, Франция, Германия, Саудия Арабистони, Япония, Жанубий Корея эгаллаган.

Инфографика: «Stockholm International Peace Research Institute»
Инфографика: «Stockholm International Peace Research Institute»

Ҳисоботга кўра, 2021 йилда АҚШ ҳарбий харажатлари 801 миллиард долларни ташкил этган, бу 2020 йилга нисбатан 1,4 фоизга кам. 2012 йилдан 2021 йилгача Қўшма Штатлар ҳарбий тадқиқотлар ва ишланмаларга ажратиладиган маблағни 24 фоизга оширган, шу билан бирга қурол сотиб олишга сарфланадиган харажатларни 6,4 фоизга қисқартирган.

Иккинчи ўринни эгаллаган, мудофаа учун 293 миллиард доллар сарфлаган Хитойнинг ҳаражати 2020 йилга нисбатан 4,7 фоизга кўп. Учинчи ўриндаги Ҳиндистоннинг ҳарбий харажатлари 2021 йили 76,6 миллиард долларни ташкил этган, бу 2020 йилга нисбатан 0,9 фоизга кўплигни билдиради.

«Россия 2021 йилда ҳарбий харажатларини 2,9 фоизга ошириб, 65,9 миллиард долларни ташкил этди, чунки у Украина чегараси бўйлаб ўз кучларини тўплади. Бу кетма-кет учинчи йилдаги ўсиш. 2021 йилда Россия ҳарбий харажатлари ЯИМнинг 4,1 фоизини ташкил этди», дейилади хабарда.

Аввалроқ дунёда энг кучли армияга эга 10 та давлат маълум қилинганди. Шунингдек,  Ўзбекистон армияси дунёда нечанчи ўринда туриши маълум бўлганди.