Жаҳон - 22:33 · 25.04.2022

Донбассда ушланган ЕХҲТ кузатувчилари, Конституциядан NATO’га қўшилиш қисмини олиб ташлашдан бош тортган Украина, Зеленскийнинг бойлигига қизиқиш билдирган Голландия партияси

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 25 апрель куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Getty Images»

Европа Иттифоқи Ҳиндистон ва Осиё давлатларини Россияга қарши узоқ муддатли санкцияларни қўллаб-қувватлашга чақирди

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Ҳиндистон ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги барча мамлакатларни Европа Иттифоқи узоқ вақт давомида ишлаб чиққан Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлашга чақирди. Унинг сўзларига кўра, ЕИ Украинадаги ҳарбий амалиётда Россиянинг «стратегик мағлубиятига» эришмоқчи.

«Биз санкцияларни узоқ вақт сақлаб қоладиган тарзда ишлаб чиқдик. Ҳиндистон, Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги барча мамлакатларни ҳамда халқаро ҳамжамиятни мустаҳкам тинчлик йўлида ушбу чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга чақирамиз», — деди фон дер Ляйен Нью-Деҳлидаги халқаро сиёсатшунослик конференциясида.

Унинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқи Россия қўшинларининг Украинадаги ҳарбий амалиётини «ўз хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид» деб билади ва шунинг учун Россиянинг «стратегик мағлубиятига» эришмоқчи.

ЕХҲТ Донбассда ҳибсга олинган кузатувчиларни зудлик билан озод қилишга чақирди

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЙХҲТ) Донецк ва Луганскда ҳибсга олинган махсус мониторинг миссияси кузатувчиларини зудлик билан озод қилишни талаб қилди.

«Донецк ва Луганскда Миллий махсус кузатув миссияси аъзоларининг ҳибсга олиниши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат ва биз уларни зудлик билан озод қилишга чақирамиз», — деди ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау. «CNN» маълумотларига кўра, ЕХҲТнинг тўрт нафар ходими қўлга олинган.

Украина Конституциядан NATO’га қўшилиш ҳақидаги бандни олиб ташлашдан бош тортди

Олий Рада спикери Руслан Стефанчук Украина Конституциядан NATO’га кириш нияти ҳақидаги бандни олиб ташламаслигини айтди.

«Биз бундай қилмаймиз. Конституцияни ўзгартириш мақсади йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди», — деди у «Украйинска правда» газетасига берган интервьюсида «Украина конституциядан NATO’га кириш ҳақидаги бандни олиб ташлайдими?» деган саволга жавоб берар экан.

Истанбулдаги Россия–Украина музокараларидан сўнг Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский Украина Россиянинг NATO’га кирмаслик ва ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик ҳақидаги фундаментал талабларига рози бўлганини айтган.

Украинанинг блоксиз мақоми Россиянинг Украина билан музокаралардаги асосий талабларидан биридир.

Голландияда партиялардан бири Зеленскийнинг 850 миллион долларлик бойлигига қизиқиш билдирмоқда

Голландиянинг «Демократия учун форум» партияси Украина президенти Владимир Зеленскийнинг 850 миллион долларга баҳоланган бойлигининг келиб чиқиши билан қизиқмоқда, дейилади сиёсий кучнинг Twitter’даги постида.

«Зеленский жуда катта бойликка эга. Турли ҳисоб-китобларга кўра, бу тахминан 850 миллион доллар ва у бу пулнинг катта қисмини президент бўлгунига қадар топмаган. Хўш, у бу пулни қандай топган? Ва энг муҳими, у қаерга кетади?» дейилган партия постида.

«Демократия учун форум» партияси 2016 йилда ташкил этилган.