Жаҳон - 23:27 · 25.04.2022

ЖССТ 12 та давлатда болаларда номаълум гепатит аниқланганидан огоҳлантирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 12 та давлатда болаларда келиб чиқиши номаълум бўлган ўткир гепатитнинг 170 га яқин ҳолатини қайд этди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида 23 апрель куни хабар берилди.

Фото: «www.childrensomaha.org»

21 апрель ҳолатига кўра,  Европа минтақасидаги 11 та ва Америка минтақасининг битта давлатида мазкур касаллик аниқланган. Болаларда ўткир гепатитнинг умумий ҳолатларидан 114 таси Буюк Британия, 13 таси Испания, 12 таси Исроил, 9 таси АҚШ, 6 таси Данияда қайд этилган. Ирландияда камида бешта ҳолат, Италия ва Голландияда тўрттадан, Норвегия ва Францияда иккита, Руминия ва Бельгияда биттадан касалланиш ҳолатлари кузатилган.

Касаллик бир ойдан 16 ёшгача бўлганларни қамраб олаётгани. Беморларнинг тахминан 10 фоизи жигар трансплантациясига муҳтожлиги келтирилган. ЖССТ ушбу ҳолатларнинг ҳеч бирида гепатит А, B, C, E ва D вируслари аниқланмаганини айтган. Камида 74 кишида аденовирус, 18 кишида эса молекуляр текширувда F гуруҳи (41-тоифа) аденовирус борлиги маълум бўлган.

«Тестдан ўтганлар орасида 20 та ҳолатда SARS-CoV-2 аниқланган. Бундан ташқари, 19 кишида SARS-CoV-2 ва аденовирус коинфекцияси қайд этилган», дея тушунтирган ташкилот.

ЖССТ таъкидлашича, аденовирус ва бошқа кенг тарқалган инфекцияларнинг олдини олиш бўйича умумий чора-тадбирлар қўлларни мунтазам ювиш ва нафас олиш гигиенасидан иборат.Ташкилотга аъзо давлатлардан болаларда ўткир гепатит ҳолатларини текшириш ва хабар бериш сўралган. Шу билан бирга, ЖССТ ўткир гепатит ҳолатлари аниқланган мамлакатлар билан саёҳат ёки савдога чекловлар қўйишни тавсия этмаган.

Аввалроқ АҚШ ва Европадаги бир қанча мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш идоралари болаларда номаълум ва оғир кечадиган жигар касалликлари аниқланганди. Шунингдек, Канадада ёшлар номаълум мия касаллигига чалинаётганди.