Жаҳон - 22:29 · 25.04.2022

Ковид бутунлай йўқолиб кетмаслиги маълум қилинди

«Роспотребнадзор» мутахассиси Комил Ҳафизов коронавирус бутунлай йўқолиб кетмаслиги, балки абадий қолишини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Мутахассиснинг сўзларига кўра, барча экспертлар коронавирус йўқолиб кетмаслиги, балки абадий қолиши ва мунтазам равишда касалланиш тўлқинлари кўринишида ўзини намоён қилиши ҳақидаги фикрга қўшилади.

«Коронавируснинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши эҳтимоли жуда паст. Деярли барча экспертлар вирус вақти-вақти билан бутун дунё бўйлаб касалланиш тўлқинларини келтириб чиқаришига ишонади», — деган Ҳафизов.

Маълумот ўрнида, аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош олими Сумья Сваминатан коронавирус пандемияси ҳали тугамаслигини айтганди. Мутахассис келажакда ковиднинг янги мутациялари пайдо бўлиши, инсоният эса пандемиянинг охирига келмаганини айтган.

«Коронавирус қандай ривожланишини ва қандай мутацияга учрашини кўрдик. Биламизки, унинг хавотирга соладиган янги бир нечта вариантлари пайдо бўлади. Ҳали пандемиянинг охирига етганимиз йўқ», — деган у.