Ўзбекистон олийгоҳларида имтиҳон тўловлари бекор қилиниши мумкин
Адлия вазирлигида 25 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Бунёд Азизов абитуриентлардан имтиҳон топшириш вақтида олинадиган тўловларини бекор қилиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Таъкидланишича, Давлат тест маркази мамлакат олий ўқув юртларида имтиҳонлар учун маблағ йиғиш бўйича ҳукуматга таклиф киритган. Бу бланкалар, қоғозлар, Интернет билан таъминлаш ва ҳоказоларнинг сарф-ҳаражатига алоқадор ҳисобланади.
«Ҳукумат ҳаражатлар нархини босқичма-босқич пасайтиришни ва кейинчалик уларни бекор қилишни режалаштирмоқда. Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда ДТМ вакиллари билан гаплашдик, улар тўловларни камайтириш масаласи кўриб чиқилаётганини айтди», — дейди Бунёд Азизов.
Таъкидланишича, бугунги кунда олий ўқув юртларида имтиҳон топшириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараварида пул тўланади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари: ягона реестрга киритилган 1 ва 2-гуруҳ ногиронлари давлат ҳимоясида бўлиб, улардан тўлов талаб қилинмайди.
Аввалроқ бир фоизли тўлов: пенсия ва нафақа тўлаш тартибидаги янгилик ҳақида маълумот берилганди. Шунингдек, Ўзбекистондаги автомактабларда ойлик тўлов қанчага ошгани ҳақида хабар берилган.