Жамият - 19:43 · 25.04.2022

Ўзбекистонда ҳайдовчиликни энди бошлаганларнинг машинасида махсус белги бўлади

Ўзбекистонда 1 майдан ҳайдовчиликни энди бошлаганларнинг машинасида махсус белги бўлиши маълум қилинди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бу бўйича маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелда «Ёл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 172 сонли қарори қабул қилиниб, амалдаги йўл қоидаларига бир қанча қўшимча ва ўзгатиришлар киритилган.

Унга кўра, эндиликда «ҳайдовчиликни энди бошлаган» — «ҳайдовчилик малакаси етарли бўлмаган» ҳайдовчилик стажи 2 йилдан кам бўлган ҳайдовчилар бошқараётган механик транспорт воситаларида «❗️» белгисининг тасвири туширилган, сариқ рангли, томонлари 150 миллиметр бўлган квадрат кўринишидаги белги бўлиши шарт.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланганди. Ҳужжатга кўра, аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 70 километрдан, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари атрофидаги йўлларда 300 метргача бўлган масофада 30 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга руҳсат этилади.