Жамият - 12:25 · 25.04.2022

Президент тиббиёт соҳасига доир қарорни имзолади

Шавкат Мирзиёев имзолаган қарор билан поликлиникаларнинг иш вақти ўзгаради, айрим шифокроларга устама пули берилади. Бу ҳақда «Нигоҳ» хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳужжат билан 2023 йил 1 январдан бошлаб жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади. Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилади ҳамда уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун 1 июндан бошлаб қўшимча устама ҳақи белгиланади.

Шунингдек, 1 майдан бошлаб бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан олис масофада жойлашган маҳаллаларда маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади. Аҳолининг профилактик тиббий кўриклари, скрининг дастурлар ва патронаж хизмати фақат ССВ томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ ва белгиланган муддатларда амалга оширилади, бошқа ташкилотларнинг ушбу жараёнга аралашувига йўл қўйилмайди. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев маҳалла ва қишлоқларда ижтимоий соҳа объектлари қуриш бўйича қарорни имзолагани ҳақида хабар берилганди.