Шавкат Мирзиёев Беларусь бош вазирини қабул қилди
Учрашувда кўп қиррали ҳамкорлик ривожида юқори суръат кузатилаётгани қайд этилди
Президент Шавкат Мирзиёев 25 апрель куни Тошкент шаҳрида ўтаётган «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро кўргазмасида Беларусь делегациясига бошчилик қилаётган Беларусь бош вазири Роман Головченкони қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда 2019 йил август ойида Беларусга қилинган олий даражадаги ташрифда эришилган келишув ва битимларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган. Кейинги йилларда Ўзбекистон–Беларусь кўп қиррали ҳамкорлиги ривожида юқори суръат кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилган.
Жумладан, ўзаро савдо кўркаткичлари барқарор ўсиб, жорий йил бошидан буён 57 фоизга ошган. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида икки мамлакат етакчи корхоналарининг кооперацияси кенгайиб бормоқда.
Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва мутаносиблигини таъминлаш, жумладан, бунга қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини тўғридан-тўғри етказиб бериш, савдо уйлари тармоғини ривожлантириш орқали эришишга алоҳида эътибор қаратилган.
Машинасозлик, электротехника, фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатида, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилган.
Ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион дастурлар ва маданий-гуманитар алмашинувни биргаликда қўллаб-қувватлаш истиқболлари ҳам муҳокама қилинган.
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича икки мамлакат ҳукуматлари томонидан “йўл харитаси” қабул қилиниши юзасидан келишувга эришилган.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев 25 март куни Тошкент халқаро инвестиция форумида Россия делегациясига бошчилик қилаётган Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковни қабул қилганди.