Жаҳон - 9:12 · 25.04.2022

Тожикистонда йил охиригача электр энергияси тарифлари оширмаслиги маълум қилинди

Тожикистон ҳукумати электр, сув ва иссиқлик учун тарифларни оширишни шу йил охиригача қолдиришга қарор қилди. Бу ҳақда «ASIA-Plus» хабар берди.

Фото: «Delfi»

Маълум қилинишича, 2016 йилгача Тожикистонда электр энергияси тарифлари фақат жуфт сонли йилларда, ундан кейин эса ҳар йили оширилган.

«Коммунал хизматлар (электр, иссиқлик ва сув), юк ташиш, тиббиёт ва таълим хизматлари учун тарифларни ошириш кечиктирилади. Бу 2022 йил охиригача амал қилади», дейилади ҳукумат томонидан қабул қилинган инқирозга қарши чоралар режасида.

Келтирилишича, 2020 йилда ҳукумат пандемия оқибатлари билан боғлиқ бўлган мамлакатдаги оғир ижтимоий-иқтисодий вазият туфайли навбатдаги нарх оширишдан бош тортишга қарор қилган. 2021 йилнинг май ойида Монополияга қарши курашиш хизмати қошида электр энергияси тарифларини қайта кўриб чиқиш бўйича махсус идоралараро ишчи гуруҳи тузилган. Бироқ, ставкалар оширилмаган.

Умуман олганда, сўнгги ўн йил ичида аҳоли учун электр энергияси нархи 2,5 бараварга ошган. Тожикистон ҳукуматига электр энергияси нархини оширишни мамлакатнинг деярли барча асосий молиявий донорлари маслаҳат берган. Шунингдек, сўнгги ўн йилликнинг бошидаёқ Жаҳон банки «энергиядан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш учун» уй хўжаликлари тарифларини босқичма-босқич 3,5 центгача оширишни тавсия қилган. Ҳозирда уй-жой истеъмолчилари бир киловатт-соат учун 1,8 цент тўлайди.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг 2022 йил учун бюджетнома бўйича Ҳисоб палатаси хулосаси эълон қилинганди. Унда 2022 йилда республикада электр энергияси ва табиий газ нархи ошиши белгиланган.