Жаҳон - 8:08 · 25.04.2022

«Толибон» ҳаракати ОТМда қизлар ва йигитлар учун алоҳида таълим жараёнини жорий қилди

Афғонистонда ҳокимият тепасига келган «Толибон» ҳаракати мамлакат университетларида таълим жараёнини жинсга қараб ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда ҳаракатнинг Олий таълим вазирлиги томонидан тарқатилган махсус баёнотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Баёнотга кўра, талабалар йигитлар ва қизларга ажратилади ҳамда ҳафтанинг турли кунларида маърузаларда қатнашади. Вазирлик қарорига қараганда, талабаларга ҳафтада уч кун машғулотларда қатнашиш учун вақт ажратилган. «Қизлар душанба, чоршанба ва шанба кунлари, ўғил болалар эса сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари маъруза тинглайди», дейилади хабарда.

Келтирилишича, Олий таълим вазирлиги бу борада мамлакат олий ўқув юртларига хабар юборган. Кобул университети раҳбарияти университетда алоҳида таълимни ташкил этиш буйруғи борлигини тасдиқлаган ва «талаба қизларга ўқишни давом эттириш имконини берувчи» махсус режа ишлаб чиққанини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил баҳорида АҚШ ўз қуролли кучларини олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан кейин «Толибон» ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операция бошлаган. 15 августда ҳаракат Кобулга жангсиз кириб, 7 сентябрда қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилган.

Аввалроқ Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон» ҳаракати қизларга бир шарт билан университетда ўқишга рухсат берганди. Шунингдек, ҳаракат олийгоҳларда ўқувчи аёлларга оид буйруқ чиқарган.