Жамият, Тошкент ш. - 23:49 · 25.04.2022

Тошкентда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкентдаги «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида 25 апрель куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда «ASK Facility» (Европа Иттифоқи Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш дастури) билан ҳамкорликда халқаро молия институтлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида вазирлик ҳузурида ташкил этилган Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Фото: «Bugun.uz»

Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD) тақдимотига бағишланган тадбирни қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев номидан унинг ўринбосари Мақсуд Рўзметов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси элчиси Шарлотта Адриан ва Европа Иттифоқининг «ASK FACILITY» лойиҳаси раҳбари Адриан Нил очиб берди. Тақдимотда 200 га яқин меҳмонлар, яъни халқаро ташкилотлар, молия институтлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Мақсуд Рўзметов Марказни ташкил этишнинг мақсад ва вазифалари тўғрисида маълумот берар экан, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: «ISCAD маркази кўп тармоқли қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат стратегик таҳлил маркази сифатида ташкил этилиб, секторни қўллаб-қувватлаш бўйича янада самарали сиёсат, дастурлар ва хизматларни ишлаб чиқиш, фермер хўжаликлари ва агробизнесни ривожлантириш, шунингдек, ички бозорларда ва халқаро миқёсда рақобатбардошликни оширишга кўмак бериш учун мўлжалланган».

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан «ISCAD» маркази очилиши билан қутлаб, ЕИ ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бугунги ва келгуси ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз юритди ҳамда янги марказ аграр секторни ривожлантириш, иқлим ўзгаришининг ушбу соҳага таъсирини баҳолаш каби йўналишларда фаолият олиб бориши аҳамиятли эканини таъкидлади.

«Марказ ҳозирда халқаро молия институтлари томонидан тақдим этилган кредит маблағлари ва лойиҳаларни бошқариш масъулиятини ҳам ўз зиммасига олади. Ушбу функцияларни бирлаштиришдан мақсад лойиҳаларнинг узвийлиги, изчил ва мантиқан алоқадорлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги стратегиясини амалга оширишда қўллаб-қувватлашни босқичма-босқич яхшилаш, янада сифатли маълумотлар, тадқиқот ва таҳлиллар асосида уларнинг самарадорлиги ҳамда умумий таъсирини оширишдир», — деди «ISCAD» директори, Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Алишер Шукуров.

«EU ASK Facility» раҳбари Адриан Нил «ISCAD»нинг Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигини 2020–2030 йилларда ривожлантириш стратегиясини амалга оширишдаги ўрни ва марказнинг истиқболли режалари тўғрисида фикр билдирди.

Тадбир доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан «EU ASK Facility» дастури техник кўмаги остида нашр этилган «Мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти» қўлланмаси ва «Ўзбекистонда аграр озиқ-овқат сектори 2021/2022» ҳисоботининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ҳисобот нашри «ISCAD» ва «EU ASK Facility» мутахассислари ҳамкорлигида вазирлик томонидан қўшма ташаббус сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат секторининг жорий ҳолати ва истиқболига оид аниқ жадваллар ва хулосалардан иборат кенг мавзуларни қамраб олган. «Мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти» қўлланмаси эса фермер хўжаликларини бошқариш амалиётини такомиллаштириш мақсадида, энг аввало мураббий ва маслаҳатчилар учун мўлжалланган бўлиб, фермерларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларда йўл-йўриқ ҳамда кўмакчи ҳисобланади.

Маълумот учун: Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 декабрдаги ПҚ-58-сонли қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида ташкил этилган.