Жаҳон - 7:36 · 26.04.2022

БМТ Афғонистондаги болалар ўлими бўйича статистикани очиқлади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси — UNICEF Афғонистонда бир ҳафта ичида қанча бола ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «The Atlantic»

Статистикага кўра, бир ҳафта ичида 50 дан ортиқ қиз ва ўғил болалар инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши оқибатида ҳалок бўлган. «Ҳисоботлар тасдиқланар экан, биз бу рақамлар янада ошишидан хавотирдамиз. Қундуздаги Мавлавий Искандар масжидида 22 апрель, жума куни содир бўлган портлаш камида тўрт боланинг ҳаётига зомин бўлди. Кўпчилик оғир жароҳт олди»,  — деган UNICEF минтақавий директори Жордж Ларьеа-Ажей.

Шунингдек, расмий Афғонистондаги терактларни қоралаб, вояга етмаганларга нисбатан зўравонликнинг барча шакллари зудлик билан тўхтатилиши кераклигини таъкидлаган. UNICEF жабрланган барча оилаларга ҳамдардлик билдиришини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги «Мавлавий Искандар» масжидида 22 апрель жума куни портлаш юз берган. Шунингдек, 19 апрель, сешанба куни Кобул ғарбидаги «Мумтоз» ва «Абдул-Раҳим Шаҳид» мактаблари ҳудудида 3 та кучли портлаш қайд этилган. Оқибатда 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

21 апрель куни Мозори Шариф шаҳридаги «Се Докон» масжидида ҳам портлаш бўлган. Ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлгани, 65 киши жароҳатлангани айтилган. Айрим манбалар 18 киши ўлгани ва 30 киши жароҳатланганини хабар берган. Худди шу кун йўл четида ўрнатилган бомба оқибатида «Толибон» полицияси пикапи портлатилган. Ҳодисада ҳаракатнинг 4 нафар аъзоси ҳалок бўлган.