«Бу жиддий»: Лавров ядро уруши хавфи борлигидан огоҳлантирди
Россия ташқи ишлар вазири уруш қай тарзда якунланиши мумкинлигини айтди
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ядро уруши хавфи кучайгани ва буни эътиборсиз қолдириб бўлмаслигини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Лавров нутқида январда «ядро бешлиги» мамлакатлари ядро қуролидан фойдаланишга йўл қўйилмаслигини тасдиқлаганини эслатган.
«Бу бизнинг принципиал позициямиз. Биз шундан келиб чиқамиз. Мен хавфлар ҳақиқатан ҳам мавжуд бўла туриб, уни сунъий равишда оширишни хоҳламасдим. Чунки бундай бўлишини хоҳловчилар жуда кўп. Ҳақиқатан бу жиддий хавф, уни эътибордан четда қолдириб бўлмайди», — деган Россия ташқи ишлар вазири.
Шунингдек, у Ғарб давлатлари учинчи жаҳон урушининг олдини олиш мақсадида Украинага қўшин киритмаслигидан умид қилишини таъкидлаган.
«Улар қуроллари билан украиналикларни Россия билан охирги аскаригача жанг қилишга мажбурламоқчи, агар бу можаро узоқроқ чўзилган бўлса», — дейди у.
Лавров Польшадан ташқари барча NATO давлатлари раҳбарлари альянсни Россия билан тўғридан-тўғри урушга жалб қилишни хоҳламаслиги, Украинадаги уруш дипломатик ҳужжат имзоланиши билан якунланиши кераклигини айтган. «Ушбу шартноманинг параметрлари ҳарбий ҳаракатларга қараб белгиланади», — дейди у.
Аввалроқ Путиннинг Украина бўйича режалари маълум қилинганди. Шунингдек, Украина Россияга ультиматум қўйгани ҳақида хабар берилган.