Жамият, Жаҳон - 21:00 · 26.04.2022

Бугун оқшоми. Мажбуран «Андижон полкаси»га ўйнайдиган андижонликлар, ўқувчиларни уриш «зарарсизлиги»ни айтган Хатирчи ҳокими, ядро уруши хавфидан огоҳлантирган Лавров

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

«Inkuzart» Коррупцияга қарши курашиш агентлиги биноси деворига антикоррупцион граффити чизиб кетди. Агентлик рассомнинг ишини қўллаб-қувватлади.

Фото: Telegram

Тошкент шаҳрида жадидлар, бензин нархи ошишига қарши, «UzAuto Motors»нинг турнақатор навбатлари (иккиси ўчириб ташланган) ва Амир Темурнинг туғилган кунига чизилган стрит-артлари билан танилган шахсини очиқламасликни истаётган «ўзбек Бенксиси» яна бир ижтимоий граффити чизди. Бу сафар у коррупцияга аталган ижтимоий граффитини Яккасарой туманидаги Коррупцияга қарши курашиш агентлиги биноси деворига чизиб кетди.

Унда Ғафур Ғулом қиссаси асосида суратга олинган «Шумбола» фильми қаҳрамони қоп (ҳа, бу ўша «чириган олмалар»нинг қопи) кўтариб кетаётгани акс эттирилган. Қопда «Corruption», яъни коррупция деб ёзилган.

Бир ухлаб туриб ишга келса, ишхонаси ҳовлисининг деворида мана шундай стрит-арт пайдо бўлиб қолган агентлик директори Акмал Бурхонов ҳам қўллаб-қувватлаб, Telegram каналида изоҳ қолдирди (амалдорнинг замонавийлигига шубҳа йўқ, лекин, мободо ушбу граффитини ўчиртирганда ҳам нақд «балога қоларди»).

Унинг сўзларига кўра, «Шумбола»нинг «қопи»дан тезроқ қутилсак, мамлакатнинг олдига қўйилган мақсадларга шунча тез эришилади. Агентлик муаллифнинг ижодий ғоясини қўллаб-қувватлайди.

«Биз ҳар куни коррупция балосидан тезроқ қутулиш, юртимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз. Бироқ, коррупция иллати ҳанузгача елкамизда оғир юк бўлиб қолмоқда.

Бу юкдан қанча тез қутулсак, олдимизга қўйилган мақсадларга шунча тез эришамиз. Бунинг учун нафақат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, балки аҳолининг барча қатламлари фаол иштирок этишлари, кўмаклашишлари керак.

Агентлик мазкур граффити муаллифи @inkuzart’нинг ижодий ғоясини ва шу каби коррупцияга нисбатан муросасизликка қаратилган креатив ёндашувларни доимо қўллаб-қувватлайди», — дейилади хабарда.

«Бир-икки шапалоқ билан ҳеч нима бўлмайди. Мана мендан яхшигина ўқитувчи чиқади». Хатирчи ҳокими ўқувчиларни уриб ўқитиш кераклигини айтди.

Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокими Сайфиддин Низомов мажлис пайтида мактаб ўқитувчиларига болаларни керак бўлса, уриб ўқитиш кераклигини таъкидлади. Ҳоким болани мажбурлаб ўқитиш кераклигини, ўқувчилардан у талаб қилгандек қилишини айтиб, ўзидан яхшигина ўқитувчи чиқишини гапирди (қаранг-а?! Навоийда шундай ҳокимимиз бор экан, биз билмай юрган эканмиз!).

Ҳокимнинг сўзларига кўра, ҳамма нарса етарли, аммо ўқитувчилар талабни қаттироқ қилиши керак. Уйга вазифа қилмаган ўқувчига танбеҳ берилса, кейин ўзгариш бўлади (ҳоким, педагог, нотиқ, абюзер.. ие, узр).

«Компьютерларимизни тўғрилаймиз, бошқа қиламиз. Китоб етишмайдими? Етишадими? Билим бераётган ўқитувчилар талабни қаттиқ қилиши керак. Вазифанг қани, конспектинг қани, деб сўраши керак.

Ўқитувчида нутқ бўлиши керак, билим билиши керак. Уйга вазифани бажармаган ўқувчига танбеҳ бериши керак. Шундагина ўзгариш бўлади. Биз қанча калтак еб катта бўлганмиз? Ўқитувчининг калтаги бизни шу даражага олиб келган, уни жуда ҳурмат қиламан.

Бир-иккитасини уринг, калтакланг, ҳеч нарса қилмайди. Бир-икки шапалоқ билан ҳеч нима бўлмайди. Ўргансин, ўқисин, мажбурлаш керак. Мана мендан яхшигина ўқитувчи чиқади. Мен талаб қилгандек талаб қилинглар», — дейди Сайфиддин Низомов.

Фото: Хатирчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати / Иллюстратив

Хатирчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу аудио бўйича тушунтириш берди. Унга кўра, туман ёшларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи паст бўлгани сабабли ҳоким таълим сифати паст бўлган мактаб раҳбарларига айрим тавсиялар берган. Лекин, қарангки, ижтимоий тармоқларда бу бошқача танқид қилинган (балки ҳазиллашгандир, деган яхши гумонда бўлишни ҳам билмайсизлар, хеҳ, блогерларей!).

Туризм ва маданий мерос вазирига ўринбосарлар тайинланди.

Фото: «Bugun.uz»

Президентнинг тегишли қарори билан вазир Азиз Абдуҳакимовга 3 йўналишда ўринбосарлар тайинланди:

  • Бахтиёр Ибрагимов халқаро туризмни ривожлантириш, ички ва зиёрат туризми масалалари бўйича ўринбосар;
  • Нусратилла Зикриллаев инвестициялар, туризм кластерлари ва лицензиялаш масалалари бўйича ўринбосар;
  • Ботиржон Шаҳриёров вазирнинг оммавий тадбирлар ва маданий мерос масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимларига тайинланди.

«Илмимиз йўқ, билмимиз йўқ, китоб ўқимаймиз, музейларга бормаймиз». Ўзбекистонда мавжуд 122 та музей салоҳиятидан фойдаланилмаяпти.

Ўринбосарларга эга бўлган туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Президент ўтказган видеоселектордан мамлакатдаги музейлар сабаб танқид қилинди. Қайд этилишича, Ўзбекистонда мавжуд 122 та музей салоҳиятидан фойдаланилмаяпти. Музейларда 2,5 миллиондан ортиқ ашё сақланиб, 112 мингтаси нафақат мамлакат, балки жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Лекин қайси ҳоким музейлар муаммоси билан шуғулланди, деган саволга ижобий жавоб йўқ. Мисол учун, Савицкий, Термиз археология, Ўзбекистон давлат санъат музейларига бутун дунёдан одамлар келади, лекин аҳолимизни бу маданият масканларига бориши тизимли ташкил этилмаяпти.

Шу боис бугун Абдуҳакимовга янги ўринбосарлар – Бахтиёр Ибрагимов, Нусратилла Зикриллаев, Ботир Шахриёровни тайинладим», — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, вилоят ҳокимларининг туризм бўйича ўринбосарларига тўхталди. Унинг сўзларига кўра, бу борада фақатгина Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Фарғона вилоятлари ҳокимлар ўринбосарлари яхши ишлаяпти, қолганлари «ҳали уйғонгани йўқ».

«Ҳамма рақсга тушсин»: Шуҳрат Абдураҳмонов (ҳақиқий) андижонликларга «Андижон полка»сига рақс тушиш бўйича топшириқ берди. Видеоселекторда бу масалага ҳам тўхталди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раислигида ўтказилган ҳокимлик соатида «Андижон полкаси» куйи ва рақсининг юбилей ёши муносабати билан аҳолига топшириқ берди. Ҳоким топшириғига асосан тузилган хабарнома 25 апрель куни имзоланган.

Вилоят раҳбари «Андижон полькаси» куйи яратилганининг 100 йиллиги ҳамда «Андижон полькаси» халқ рақс ансамбли ташкил этилганининг 65 йиллигини нишонлаш мақсадида махсус топшириқ берган. Буни минг марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши.

Фото: Telegram / @bugunuzlive

Юқоридаги хабарноманинг учинчи қисми ҳаммасиданда қизиқ: барча бошқарма, ташкилот, муассаса ва идоралардан ʼАндижон полкасиʼ ойлиги бўйича ўтказилаётган тадбирлар юзасидан ҳар ҳафта жума куни соат 15:00 га қадар фотоальбом ҳамда ёзма ахборот топшириш сўралган.

Қизиқ-қизиқ. Аммо Андижон учун унчалик ҳам ҳайратланарли ҳодиса эмас. Бу фаол блогерларни ҳам унчалик таажубга солмади. Ҳатто Telegram’даги «Нугманов Live» каналида бундай қарорлар нафақат Андижон, балки бошқа вилоятлар, амалдорлар учун ҳам «бегона» эмаслиги ҳақида ёзилди.

«Mr.Freeman» Telegram канали админи эса бу воқеадан кейин эски бир (қадрдон) видеони улашди. Яхшиси, ўзингиз кўринг.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ҳам бу мавзуга ўз карикатураси билан муносабат билдирди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда бу масалага бошқа томондан — жиддийроқ кўриб чиқилди. Унда «Андижон полькаси» рақсини UNESCO номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш ташаббуси илгари сурилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Андижон полкаси» ҳар жиҳатдан жаҳон маданий мероси деб аташга лойиқ эканлиги, уни UNESCO номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш бўйича таклиф бериш ташаббуси ўртага ташланди. Давлат раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади.

Муҳим хабар: ўзбекистонликлар Рамазон ҳайити муносабати билан 5 кун дам олади. Лекин, ҳурматли абитуриентлар, биз ҳам Олий таълим вазирлиги вакилининг гапларига қўшиламиз: «Тўхтамасдан тайёрланишни маслаҳат берамиз, бошқа нима деймиз».

Хўш, оламда нима гап?

«Бу жиддий»: Лавров ядро уруши хавфи борлигидан огоҳлантирди.

Лавров нутқида январда «ядро бешлиги» мамлакатлари ядро қуролидан фойдаланишга йўл қўйилмаслигини тасдиқлаганини эслатган.

Фото: «РИА Новости»

«Бу бизнинг принципиал позициямиз. Биз шундан келиб чиқамиз. Мен хавфлар ҳақиқатан ҳам мавжуд бўла туриб, уни сунъий равишда оширишни хоҳламасдим. Чунки бундай бўлишини хоҳловчилар жуда кўп. Ҳақиқатан бу жиддий хавф, уни эътибордан четда қолдириб бўлмайди», — деган Россия ташқи ишлар вазири.

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев расман «мустақил Қозоғистоннинг асосчиси»га айланади.

Фото: «РБК»

Қарор мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғига биноан ҳозирда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш устида ишлаётган ишчи гуруҳ томонидан қабул қилинган. Шундан сўнг Назарбоевнинг янги мақоми мамлакатнинг янгиланган Конституциясидан жой олади. Бу ҳақда ишчи гуруҳ аъзоларидан бири, юридик фанлар доктори Ермек Абдрасулов маълум қилган.

«Чунки сиз кўрган мавжуд объектив фактларни бутун дунё кўриб турибди, бу Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилади», —деган Абдрасулов.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.