Жамият, Қашқадарё - 22:33 · 26.04.2022

Экоқўмита Қашқадарёда қўнғир айиқ боласининг ўлдирилганига муносабат билдирди

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманининг тоғли ҳудудида «Қизил китоб»га киритилган қўнғир айиқлар яшаши аниқлангани маълум қилинганди. Кейинроқ қўнғир айиқ боласи ўлдирилгани айтилди. Давлат Эколоигия қўмитаси ушбу ҳолатга муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат айни вақтда Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари томонидан ўрганиб чиқилмоқда.

«Давлат экология қўмитаси бундай ваҳший ҳолатларни қатъий қоралайди ва албатта, ҳуқуқбузарларни қонуний тартибда жазога тортилишини ўз назоратига олади», дейилади хабарда.

Келтирилишича, Жиноят Кодексининг 202-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш)3-қисми ж-бандига кўра, «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонот ёки ўсимлик дунёси турларини нобуд қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

«Ўрганиш натижалари бўйича батафсил ахборот берамиз», дея қўшимча қилинган хабарда.