Жаҳон, Сиёсат - 16:47 · 26.04.2022

Эрдўғонни танқид қилган турк мухолифатчиси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Туркия суди 25 апрель, душанба куни турк мухолифатчиси, филантроп, тадбиркор, мамлакатдаги энг машҳур сиёсий маҳкумлардан бири Усмон Кавалани умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда «The Wall Street Journal» хабар берди.

Фото: «Financial Times»

Маълум қилинишича, 64 ёшли ҳуқуқ фаоли 2013 йилда Туркияда бўлиб ўтган оммавий намойишлар муносабати билан ҳукуматни ағдаришга уринишда айбдор деб топилган. Шу билан бирга, суд далиллар йўқлиги сабабли Каваладан жосуслик айбловларини олиб ташлаган.

Бу иш бўйича яна етти киши давлат тўнтаришига уринишда ёрдам берганликда айбланиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилган. Суд озодликда юрган фаолларни зудлик билан ҳибсга олишга қарор қилган.

Кавала айблов ҳукмисиз тўрт ярим йил қамоқда ўтирган. У ва бошқа айбланувчилар унга қўйилган айбловларни рад этган.

Усмон Каваланинг иши

Ҳуқуқ ҳимоячиси дастлаб 2013 йилда Истанбулдаги Гези боғида ҳукуматга қарши намойишларни молиялаш ва митинг уюштирганликда айбланиб ҳибсга олинган. 2020 йил февраль ойида суд уни ушбу айбловдан оқлаган. Ўша куни прокуратура уни ҳибсга олиш учун янги ордер чиқарган. Унда Кавала давлат тўнтариши, Эрдўғони ҳокимиятдан ағдаришга уриниш ва 2016 йилда жосуслик фаолиятида иштирок этишда айбланган. 2021 йил январь ойида апелляция суди биринчи оқлов қарорини бекор қилган.

2021 йил октябрь ойида Германия, Франция ва АҚШ иштирокидаги ўнта давлатнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари қўшма мурожаатнома билан чиққан ва Кавалани озод қилишга чақирган. Бунга жавобан Эрдўғон мазкур давлатларнинг элчиларини Туркиядан чиқариб юбориш билан таҳдид қилган. Улар дипломатлардан мезбон давлатнинг ички ишларига аралашмасликни талаб қилувчи Вена конвенциясига риоя қилиши кераклигини айтган.