Илм-фан - 19:53 · 26.04.2022

Коронавирус инсон тўқималарида қанча вақт яшаши айтилди

Коронавирус инсон аъзолари ва тўқималарида бир неча ойгача қолиши мумкин. Бу ҳақда «URA.ru» хабар берди.

Фото: «Microsoft News»

Россиялик тиббиёт фанлари номзоди Николай Крючков вирус тўқималар ва органларга бевосита зарар етказишини айтган. «Ковид тўқимларда бир неча ой қолиши мумкин. SARS-CoV-2 дастлаб қайси тўқимага зарар етказган бўлса, ўша ерда қолади. У қон томирлари ва ўпка ҳужайраларига киради. Шунингдек, вирус исталган инсон аъзосига зарар етказиши мумкин. Асосан, бу ҳолат ўпка, нафас йўлларининг шиллиқ қавати, юрак мушаклари, асаб тўқималари ва буйракларда кузатилади», — дейди у.

Шунингдек, Крючков бу жараён коронавирусга чалинган барча беморларда кузатилмаслигини айтган.

«Соғлом одамнинг танасида вируснинг бир неча ойлаб қолиши даргумон. Аммо иммунитет танқислиги, тиббий, туғма ўзгаришлар, гормонлар қабул қилиш ёки трансплантацияда вируснинг қолиш муддати узаяди», — деган у.

Аввалроқ ковидга чалинганларда кексаликда учрайдиган касаллик эрта ривожланиши аниқланган. Шунингдек, коронавируснинг кўпчилик билмайдиган аломатлари маълум қилинган.