Жамият - 17:18 · 26.04.2022

Ўзбекистонда 122 та музей салоҳиятидан фойдаланилмаётгани таъкидланди

Шавкат Мирзиёев раислигида 26 апрель куни ўтказилган туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида музейлар фаолияти танқид қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Ўзбекистонда мавжуд 122 та музей салоҳиятидан фойдаланилмаяпти. Музейларда 2,5 млндан ортиқ ашё сақланиб, 112 мингтаси нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланади.

«Лекин қайси ҳоким музейлар муаммоси билан шуғулланди, деган саволга ижобий жавоб йўқ. Мисол учун, Савицкий, Термиз археология, Ўзбекистон давлат санъат музейларига бутун дунёдан одамлар келади, лекин аҳолимизни бу маданият масканларига бориши тизимли ташкил этилмаяпти.

Шу боис бугун Абдуҳакимовга янги ўринбосарлар – Бахтиёр Ибрагимов, Нусратилла Зикриллаев, Ботир Шахриёровни тайинладим.

Ҳар бир вилоят ҳокимига ҳам туризм бўйича ўринбосарлар берилган. Бундай имконият қачон бўлган? Бу борада Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Фарғонада туризм бўйича ўринбосарлар яхши ишлаяпти. Қолган ҳудуд масъуллари ҳали ‘уйғонгани» йўқ’», — деди Президент.

Шу 4 та ҳудуддан ташқари барча вилоят ҳокимларининг туризм бўйича ўринбосарларига 3 ой синов муддати белгилаш, якуни бўйича лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори билан туризм ва маданий мерос вазирига ўринбосарлар тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE