Жамият - 19:01 · 26.04.2022

Ўзбекистонликлар Рамазон ҳайити муносабати билан 5 кун дам олади

Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Рамазон ҳайити муносабати билан аҳолига 5 кунлик дам олиш берилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, 2022 йилда Наврўз байрами муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари белгилангани, 250 та меҳмонхона ва музейлар аҳолига чегирма бергани, зиёрат объектлари бепул қилингани ички туризм учун катта туртки берган.

Бу орқали Бухоро ва Самарқандга қўшимча 110 минг маҳаллий туристлар борди. Шу сабабли келгуси ҳафтада Рамазон ҳайити муносабати билан ҳам аҳолимизга яна 5 кунлик дам олиш берилади.

«Бу ҳудудларда ички туризмни ривожлантириш учун қўшимча имконият. Энди ушбу ишларни фақат байрамлар арафасида эмас, балки йил давомида тизимли равишда ташкил этиш бўйича янги тартибни жорий этамиз», —
деди Президент.

Жумладан, 2022 йилдан бошлаб барча давлат ташкилотлари ходимлари учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш харажатларининг 20 фоизини буджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаш амалиёти йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 20 декабрь кунги фармонига кўра 2022 йилда қўшимча дам олиш кунлари белгиланганди.