Жаҳон, Сиёсат - 8:42 · 26.04.2022

Путиннинг Украина бўйича режалари маълум қилинди

Россия президенти Владимир Путин урушни тугатишнинг бошқа йўлини кўрмаётгани ва Украина ҳудудини тортиб олмоқчилиги маълум қилинди. Бу ҳақда «Financial Times»га хабар берди.

Фото: «The Times»

Нашр Путиннинг яқин доиралари билан алоқада бўлган учта манбага таяниб, бу бўйича маълумот берган. Март ойида Путин Россия армияси муваффақиятсизликка учраганидан кейин Украина билан қандайдир сулҳ имзолаш ҳақида жиддий ўйлаб кўргани, бироқ вазият ўзгаргани айтилган. Қора денгизда «Москва» крайсери чўкиб кетганидан сўнг Россия президенти, манбаларга кўра, шунчалик ғазабланганки, у ёзма келишувга эришишни рад этган.

«Қандайдир келишувларга эришишга умид бор эди. Путин иккиланиб турди. У ғолиб сифатида бу вазиятдан чиқиш йўлини топиши керак эди. ‘Москваʼ крайсери ҳалокатга учраганидан кейин Путин ҳеч қандай келишувга имзо чекмаслигини айтган. Чунки крайсернинг ҳалокатга учраши унинг учун хўрланиш эди», — деган суҳбатдошлардан бири нашрга.

Яна бир манба Путин Россия телевидениясида айтилаётган барча гапларга жиддий ишониши ва «буюк ғалаба» сари боришга тайёр эканини айтган.

Таъкидланишича, рус генераллари Путин нимани эшитишни хоҳласа, шу бўйича маълумот беради ва унинг яқин доиралари Россия телевидениесида кўрсатилаётган гапларини такрорлайди. Путин Россия армияси Мариуполдаги тинч аҳолини, жумладан, «Азовсталь» заводи ҳудудида ҳам ўт очмаганини таъкидлаган.

Шунингдек, Россия президенти ҳар қандай ҳолатда ҳам Зеленский билан учрашишдан қочаётгани сабаби келтирилган. Кремлнинг тахминига кўра, музокара учун Кремль устунликка эришиши керак. Бунинг учун, Россия Украинадаги кўпроқ ҳудудни эгаллаши кераклиги айтилган. Баъзи россиялик расмийлар Путин қўшинлари кейинги ҳужумда муваффақиятсизликка учраса, Украинада ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлигидан хавотир билдирган.

Путинни Зеленский билан учрашишга кўндирмоқчи бўлган Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель билан телефон орқали суҳбатда Россия президенти Украина «девор қургани» сабабли музокаралар тўхтаб қолгани ва ҳозир бундай учрашув вақти эмаслигини айтган. У Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга ҳам шундай дегани таъкидланган.

Аввалроқ Украина президенти Путин ядровий ва кимёвий қуролдан фойдаланишга қодирлигини айтганди. Шунингдек, Путин ва Шойгу ўртасида кескинлик кучайгани хабар қилинган.