Жамият - 13:01 · 26.04.2022

Қонунчилик палатасида «снос»га оид қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 26 апрель куни «снос»га оид қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда Қуйи палата ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Мажлисида халқ вакиллари «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиққан.

Мазкур қонун лойиҳаси билан 5 та кодекс, 14 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Ер ва Шаҳарсозлик кодексларида ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, компенсация бериш, хусусийлаштирилган ер участкаларини қайта сотиб олиш махсус қонунларда белгиланган тартибда амалга оширилиши кўрсатиб ўтилмоқда.

Қайд этилишича, ҳужжат билан жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалалари тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун ва унга мувофиқлашган қонун ҳужжатлари билан тартибга солади. Шунингдек, лойиҳа низоли вазиятларнинг олдини олиш ва уларни самарали ҳал этишга, ер участкалари эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Аввалроқ Ўзбекистонда уй-жойнинг «снос»га тушганини аниқлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатилиши ҳақида хабар қилинганди. Ҳукумат қарори билан қатор хизматларнинг маъмурий регламенти тасдиқланган.