Жамият, Таҳлил - 19:24 · 26.04.2022

Раққос амалдорлар: «қовун»лар қачон тугайди?

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раислигида ўтказилган ҳокимлик соатида «Андижон полкаси» куйи ва рақсининг юбилей ёши муносабати билан бу куйга оммавий ўйнаш бўйича аҳолига топшириқ берилди. 

«Bugun.uz» ва «Взгляд.uz» нашрларининг бирлашган таҳририяти раҳбари Бекзод Нугманов ушбу топшириқ ҳақида фикр билдириб, амалдорларнинг айрим «қовун»лари ва уларнинг матбуотда ёритилишига тўхталди.

Коллаж: «Bugun.uz»

Кеча Андижон вилояти ҳокими қарори чиқиб, «Андижон полка» юбилейи муносабати билан вилоятда «Андижон полка ойлиги» эълон қилинди. Таҳририят раҳбарининг ёзишича, бу вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг биринчи ноодатий қарори эмас.

«Илгари ҳам унинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли гаплари, қилиқлари, қарорлари ҳақида эшитганмиз, ўқиганмиз. Балки шунақа ‘ўхшаши йўқлиги’ учун Андижон халқи уни яхши кўрар…

Лекин, жиддий айтадиган бўлсак, бизда бунақа кулгига, истеҳзога сабаб бўладиган гапларни гапирадиган, қарорлар чиқарадиган мансабдорларимиз, чиновникларимиз кам эмас. Шуҳрат Абдураҳмоновга ўхшаганларни ўзбек амалдорлари ичида жуда кўп топиш мумкин. Илгари ўта ёпиқ сиёсат туфайли улар бизга кўринмаган бўлса, бугунги даврда уларни яхшироқ танияпмиз», — деган Нугманов.

Муаллиф, шунингдек, кўп мажлис, йиғилишларда иштирок этиши, у ерда ўтирган мансаб эгаларининг гапларини эшитиб, «қандай қилиб бу одам бунақа фикрлаши билан ҳозирги ўрнида ўтирибди», деган савол келишини айтиб ўтган.

«Бу каби йиғилиш, тадбирларда шунчалик кўп қовун тушириладики, уларнинг аксари оммага тарқалмай қолади. 5600 сўм ёки «кўп гўшт еяпмиз» деган айрим «хитлар»нигина халқ биляпти.

Албатта, бу ўринда журналистларга ҳам кўп нарса боғлиқ. Шу каби тадбир-анжуманларда қатнашган, гапирган, саволларга жавоб берган чиновникларнинг «қовун»ларини ҳар доим ҳам матбуотга олиб чиқаверишмайди. Катта эҳтимолки, улар андиша қилишади. Катта мансабдор шахсларнинг ақлини худди кийими каби салобатлироқ қилиб кўрсатгиси келса керак.

Ҳурматли журналистлар, келинглар, барчасини борича кўрсатишга ўрганайлик. Биргина Абдураҳмонов эмас, яна ўнлаб, балки юзлаб қовун туширадиган чиновникларимизни борича, аслича, улар қандай бўлса, шундайлигича кўрсатишга ўрганайлик. Балки шундагина қандайдир хулосалар чиқарар, калласи етгани ўзгаришга ҳам ҳаракат қилар. Балки шунда «қовунлар» камаяр?» — дейилади хабарда.