Андижон, Жамият - 15:09 · 26.04.2022

Шуҳрат Абдураҳмонов андижонликларга «Андижон полка»сига рақс тушиш бўйича топшириқ берди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раислигида ўтказилган ҳокимлик соатида «Андижон полкаси» куйи ва рақсининг юбилей ёши муносабати билан аҳолига топшириқ берди. Ҳоким топшириғига асосан тузилган хабарнома 25 апрель куни имзоланган.

Фото: «Bugun.uz»

Ижтимоий тармоқда тарқалган ҳужжатга кўра, вилоят раҳбари «Андижон полькаси» куйи яратилганининг 100 йиллиги ҳамда «Андижон полькаси» халқ рақс ансамбли ташкил этилганининг 65 йиллигини нишонлаш мақсадида махсус топшириқ берган.

«Вилоят ҳокими Шавкат Абдураҳмонов раислигида ўтказилган ҳокимлик соатида берилган топшириққа асосан, ‘Андижон полкаси’ куйи яратилганлигининг 100 йиллиги ҳамда ‘Андижон полкаси’ халқ рақс ансамбли ташкил этилганлигининг 65 йиллигини нишонлаш мақсадида бугундан бошлаб, барча ташкилот, муассаса ва идоралар раҳбарлари, барча даражадаги таълим муассасалари умуман олганда вилоят ҳудудида жойлашган камда ўзини ҳақиқий андижонликман деб билганлар бутун жамоаси, камкасблари билан ҳар куни Андижон полькаси рақсига тушишни одат тусига киритишлари бўйича вилоятда «Андижон полькаси» ойлиги эълон қилинди.

Бундам ташқари шаҳар бўйлаб ҳаракатланаётган барча жамоат транспорта автобусларида, савдо дўконларида, бозорларда, меҳмонхоналарда, авто ва темир йўл вокзалларида ва бошқа одамлар гавжум бўлган барча ҳудудларда турли челленжлар ва флешмоблар ташкил қилиш орқали оммалаштириш зарурлиги белгиланди.

Юқоридагиларни инобатта олган ҳолда тизимингиздаги барча бошқарма, ташкилот, муассаса ва идораларда ‘Андижон полкаси’ ойлиги бўйича ўтказилаётган тадбирлар юзасидан ҳар ҳафта жума куни соат 15:00 га 1адар фотоальбом ҳамда ёзма ахборот билан вилоят кокимлигинииг туризм котибиятига тақдим этилишини таъминлашингиз сўралади», дейилади вилоят ҳокимининг ўринбосари Азиз Максумов томонидан имзоланган ҳужжатда.

Андижон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати 26 апрель куни Telegram’даги каналида «Андижон полкаси» тарихи ҳақида пост жойлади. Унда айни пайтда вилоят бўйлаб миллий рақс меросининг 100 йиллиги кенг нишонланаётгани айтилган.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси биносида Муҳаммад Юсуф таваллудининг 68 йиллиги ва «Андижон полкаси» миллий куйининг 100 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий ва мусиқали тадбир ташкиллаштирилгани ҳақида хабар берди.