Жамият, Тошкент ш. - 10:15 · 26.04.2022

Тошкентда коррупцияга қарши граффити чизилди — видео

Тошкент шаҳри Яккасарой туманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги биноси деворига антикоррупцион граффити чизилди. Бу ҳақда Telegram’даги «Inkuzart» каналида маълумот берилди.

Фото: Telegram

Креатив граффити Яккасарой туманидаги Антикоррупция агентлиги биноси деворига чизилган. Унда Ғафур Ғулом қиссаси асосида суратга олинган «Шумбола» фильми қаҳрамони қоп кўтариб кетаётгани акс эттирилган. Ушбу ғояни агентлик раҳбари Акмал Бурхонов ҳам қўллаб-қувватлаб, Telegram каналида изоҳ қолдирган.

«Биз ҳар куни коррупция балосидан тезроқ қутулиш, юртимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз. Бироқ, коррупция иллати ҳанузгача елкамизда оғир юк бўлиб қолмоқда.

Бу юкдан қанча тез қутулсак, олдимизга қўйилган мақсадларга шунча тез эришамиз. Бунинг учун нафақат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, балки аҳолининг барча қатламлари фаол иштирок этишлари, кўмаклашишлари керак.

Агентлик мазкур граффити муаллифи @inkuzart нинг ижодий ғоясини ва шу каби коррупцияга нисбатан муросасизликка қаратилган креатив ёндашувларни доимо қўллаб-қувватлайди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ муаллиф бензин нархи ошиши ҳақида граффити чизгани хабар қилинганди. Шунингдек, Чилонзор туманида «UzAuto Motors» монополияси тасвирланган суратни ўчира олишмаганди.