Жаҳон - 9:10 · 26.04.2022

Япония ва АҚШ тарихдаги энг йирик қўшма машғулотларни ўтказади

Япония ва АҚШ кузда Хоккайдо оролида «Resolute Dragon» қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказади. Бу ҳақда «RT» хабар берди.

Фото: «DVIDS»

Маълум қилинишича, икки ҳафталик «Resolute Dragon» ҳарбий машқларида 4000 дан ортиқ денгиз пиёдалари иштирок этади. Бу тарихий энг йирик икки томонлама машғулотлар бўлиши кутилмоқда.

Машқнинг мақсадларидан бири АҚШ денгиз пиёдалари базаларининг фаолиятини кучайтиришдан иборат. Бу минтақанинг мудофаа қобилияти ва ҳарбий операцияларини баҳолаш учун муҳимлиги таъкидланган. Бундан ташқари, қўшма машғулотлар Япония ва АҚШга чекка оролларнинг мудофаа тартиб-қоидаларини кучайтиришга имкон бериши келтирилган.

Япония ва АҚШнинг Хоккайдодаги сўнгги қўшма машғулотлари 2021 йил декабрида бўлиб ўтган. Машғулот давомида қуруқликда ва ҳавода қўшма ҳаракатлар, жумладан авиациянинг ўқув парвозлари ишлаб чиқилган.

Аввалроқ NATO кемалари ҳарбий машғулотлар учун Болтиқ денгизига кирганди. Шунингдек, Қирғизистонда «Байрактар» иштирокидаги ҳарбий машғулотлар бошланганди.