Таҳлил - 14:05 · 27.04.2022

АҚШ, Германия ёки Швейцария. Ўзбек ёшлари қаерга сурмоқчи?

Бир неча йилдан буён ўзбек ёшлари орасида, асосан, ижтимоий тармоқларда фаоллар орасида хорижга чиқиш, аниқроғи «суриш» кайфияти ҳукмрон. Хўш нега? Нега бугун ўзбек ёшлари ватандан чиқиб кетишни тез-тез ўйлаб қолади? Ўзи аслида «суриш керак» тенденцияси қачондан бошланди? Бугунги мақолада шу каби саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун ўзимиз ўтказган кичик сўровномада қатнашганларнинг фикрларини умумлаштирган ҳолда ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Фото: «Bugun.uz»

«Суриш керак!»

Бундан бир неча йил олдин, тахминан 2015-2016 йилларда ижтимоий тармоқ фаоллари орасида хорижга кўчиб кетишни англатувчи «суриш керак» ҳештеги пайдо бўлди. Бунда асосан ёшлар яхшироқ, эркинроқ ва хотиржамроқ ҳаёт излаб хорижга кетишни кўзда тутади. Бу иборани ижтимоий тармоққа олиб кирган инсон эса блогер Нурбек Алимов эди. Кейинчалик бу ибора жуда оммалашиб кетди. Ҳатто, мамлакатда бирор ижтимоий-сиёсий можаро ёки муаммо пайдо бўлса, дарҳол эсланадиган иборага ҳам айланди. Бу «чақириқ»қа лаббай деб хорижга кўчиб кетганлар ҳам бўлди. Жумладан, 2022 йил бошидан 1 апрелгача Ўзбекистондан кўчиб кетганлар сони 1,2 минг кишига етди.

Фото: Нурбек Алимовнинг шахсий архивидан

Ушбу тенденцияни бошлаб берган Нурбек Алимов унинг пайдо бўлиши ҳақида қуйидаги фикрларни айтиб ўтдии:

«Бу мавзуни, олдинги давр, яъни эски Ўзбекистондаги қийинчиликлар даврида кўтарганмиз. Яъни қийинчилик даврида юзага келган тенденция эди. Facebook’да жуда кўп ёзилганидан, оммалашиб кетди. Лекин ўзим ҳам хорижда ўқиганим учун Ўзбекистонда келажак кўрмаяпман, барибир кетиш керак деган мазмунда шу иборани айтган эдим.

Кейинчалик кетдим ҳам, қайтиб ҳам келдим. Бу мавзу, эътибор берсак, бир тинди 2019 йилларгача. 2020 йилдан секинлик билан яна жонланишни бошлади. Пандемия даврида бу мавзу техник жиҳатдан актуаллигини йўқотди. Чунки хорижга чиқишнинг имкони йўқ эди. Аммо ҳозирги пайтга келиб, яна қайтадан жонланмоқда. Бу тенденция мамлакатда яшаш, ишлаш оғирлашиб бораётганда, ёшлар ўз келажагини, мотивациясини кўра олмай қолган пайтдан бошлаб яна асосий ўринга чиқиб бораверади, деб ўйлайман».

Хўш, бугун ёшлар нега ва қаерга «сурмоқчи»?

Биз ўтказган сўровномада қатнашганларнинг жавобларига қарайдиган бўлсак, «суриш» учун сабаблар турлича бўлиши мумкин. Энг асосийлари сифатида эса таълим олиш, ишлаб пул топиш ва эркин жамиятда яшаш истаги кабиларни келтириш мумкин. Шунингдек, коррупцион тизим, ижтимоий адолатсизлик, стереотипларга ўралашиб қолган жамиятдан ўзини олиб қочиш каби сабаблар ҳам «суриш» учун сабаб бўлиши мумкинлигини келтириб ўтади. Ўзбекистонда иш топиш, ойлик даромад даражасининг пастлиги, ишга киришдаги бюрократик тўсиқларни ҳам сабаб қилиб кўрсатганлар бўлди.

Хорижга кетишни истовчилар орасида борган жойида қолиб кетишни истовчилар ҳам, ўқиб, тажриба ва маблағ орттириб қайтиб келишни истовчилар ҳам бор. Шунингдек, умуман ҳеч қаерга кетмасдан, хориждаги шароитни Ўзбекистонда яратишни таклиф қиладиганлар ҳам бор.

Қайси хориж давлатини танлаш керак, деган саволга жавобан, асосан, АҚШ, Канада, Германия давлатлари етакчилик қилган. Шунингдек, Швейцария, Япония, Жанубий Корея давлатлари ҳам кетиш учун яхши жой деб ҳисобланмоқда.

Икки оғиз фикрномалар

Ижтимоий тармоқ фаоли, Францияда таълим олган ва бир муддат яшаган Аҳмед Раҳмонов мазкур феномен ҳақида қуйидагича фикр билдирди:

«Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайди, деган гап бор. Лекин мусофир бу ўз жамиятини қўрқоқларча ташлаб кетиб, бунда жамиятнинг ўзини айблаш керак эмас. Албатта, ҳамма бир суриб кўриши керак, бошқа жойлардаги ҳаёт билан бизни жамиятни солиштириш, билим олиш ва шахсий тажрибага эга бўлиш учун. Лекин ‘суриш керак, чунки бу ерда ишим юришмаяпти’ дейиш бу баҳонадан бошқа нарсамас.

Суриш керак, яъни бу давлатни бутунлай тарк этиш фикри аслида таслим бўлиб ва бундан мақтанаётган одамнинг қарашига ўхшайди. Ёшларнинг Россия ва бошқа давлатларга кетиб пул топиши охир-оқибат нимага олиб келади? Биринчидан, улар ҳеч қачон бойиб кета олмайди, орасида бир иккита истисноларни айтмаса. Иккинчидан, уларнинг ўзлари ҳам ва биз ҳам эмиграциядан келадиган пулга қарам бўлиб иқтисодий ва ундан кейин сиёсий суверенитетни йўқотамиз.

Фото: «AP»

Бир тасаввур қилиб кўринг бугун Ўзбекистондан ҳеч ким ташқарига ишлашга кета олмаса? Бу давлат учун жуда катта босим бўлар эди ва давлат ўзини сақлаб қолиш учун аҳолига яхши яшаш шароитларини яратишга мажбур бўлар эди. Бугун нима бўляпти?

Бугун давлат бизни ҳар тарафлама таламоқда, бир томондан халқимизга тегишли табиий ресурсларини, иккинчи томондан фақат ўз шахсий чўнтагини ўйлаб қилинган монополиялар орқали халқни четда ишлаб келган пулини ўзлаштиряпти. ‘GM’, ‘Artel’ ва бошқа компаниялар орқали.

Юқорида айтганимдек, ҳамма мусофир бўлиб кўриши керак. Ўзининг кимлигини, жамиятининг бошқалардан фарқини англаш учун ва албатта шахсий тажрибасини ошириш учун. Лекин бу давлатни ҳеч ким четдан ёки осмондан тушиб тўғрилаб бериб кетмайди ёки амалдорларга бирдан инсоф кириб, халқни ўйлаб, давлатни ривожлантиришга ҳаракат қилмайди. Бу жуда узоқ ва катта курашлар эвазига келадиган нарса. Ҳамма сураверса бу давлат қандай ўзгаради?»

Бу борада олимлар фикри билан ҳам қизиқиб кўрдик. Жумладан, тарих фанлари номзоди, олим Бахтиёр Алимжанов ушбу феномен ҳақида шундай фикрларни баён қилди:

«‘Суриш керак’ ҳештеги ўзи бошида европалашган ўзбеклар, асосан, Тошкент марказида ўсиб катта бўлган ёшлар орасида тарқалган эди. Кейинчалик оммалашди. Ҳамма ҳам бунга қўшилмайди. Блогерлар тез-тез қўллаб туради бу атамани. Асосан, қаерларга кетишни мақсад қилишади?

Асосий йўналишлар Дубай, Европа, АҚШ, Москва, Петербург. Нега кетиш керак? Чунки имконият йўқ, ўсиш йўқ, ривожланиш йўқ деб ҳисобланилган. Ҳозиргача ҳам шунақа тушунча бор. Ҳақиқатда ҳам ривожланиш бўлмайди, йўл беришмайди, элита янгиликка очиқмас, реал ривожланиш ва ислоҳотлар йўқлиги учун ҳам бу феномен оммалашган.

Фото: «Шахсий архив»

Лекин ҳамма ёшларни ҳам кетгиси бор деб ҳисобламаган бўлардим. Бу асосан катта шаҳар марказларида, чет тилини биладиган ёшлар орасида кенг тарқалган ҳолат. Ҳозирда интернет орқали кўплаб маълумотларни олиш мумкин. Бундай ёшларнинг кўпинча қариндошлари чет элда бўлади ёки ўзи бир неча марта бориб келган бўлади. Бу нормал ҳолат. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки Россияда ва бошқа пост совет давлатларда ҳам кенг тарқалган. Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш ўсмагунча ва мафкура ўзгармагунча бу хештег актуал бўлиб қолаверади».

Қисқа хулоса

Хулоса қиладиган бўлсак, «суриш керак» тенденцияси доим ҳам актуал бўладиган жараён эмас. Шунингдек, бу жараён вақти-вақти билан асосий кун тартибига чиқиб туради. Бундай кайфиятга асосан жамиятдаги ҳодисаларни таҳлил қила оладиган, вазиятни синчков кузатадиган ёшлар кўпроқ мойилроқ бўлади, деб ҳисоблашимиз мумкин. Нима бўлганда ҳам инсон олдида доим шахсий танлов бор ва у ўз келажагини қаерда тасаввур қилса, ўша ерда яшаши, фаолият юритиши мумкин.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади