Жамият - 21:00 · 27.04.2022

Бугун оқшоми. Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақи, ўлдирилган айиқ боласи, суткадаги «33 соат», «махсус операция» қонуний эканини айтган Путин

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Муҳим эълон (хабар): Ўзбекистонда 30 апрель куни умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Бу сафарги ҳашар «Маҳалла ободлиги — юрт фаровонлиги» номи остида ўтказилади. Ҳамма ҳашарга!

Рамазон Ҳайити яқин — вилоятга боришнинг айни вақти! Яккаю ягона авиакомпаниямиз 4 та вилоятга қўшимча рейс қўйяпти.

Фото: «Bugun.uz»

«Uzbekistan Airways» Рамазон Ҳайити байрами муносабати билан 1-5 май кунлари Бухоро, Урганч, Фарғона ва Наманган вилоятларига қўшимча авиақатновлар амалга оширади. Чегирмалар ҳақида ҳали бирор гап йўқ. Аммо, шундай бўлса ҳам фойдаланинг, уйга боринг, яқинларингизни йўқланг, байрамни яхши ўтказинг.

Дайжестнинг биринчи хабаридан бошлаб реклама берилдими, дейишингиз мумкин, лекин бу реклама эмас, шунчаки янгилик. Чунки бутун бошли 35 миллион аҳолига биттагина авиакомпания хизмат кўрсатадиган мамлакатда бундай тургадаги хабарлар реклама сифатида берилмайди (тўғрида, сиз ягона бўлсанг, яна нимангизни реклама қиласиз?!).

«Ростан, ‘серёзнаʼ?»: Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 3,5 млн сўмни ташкил қилмоқда. 2021 йилда бу кўрсаткич 2 миллион 876 минг сўмни ташкил қилган.

Фото: «Bugun.uz»

Давлат статистика қўмитасига кўра, 2022 йил январь–март ойларидаги ўртача иш ҳақи 3 миллион 426 минг сўмни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич 2021 йилда 2 миллион 876 минг сўмни ташкил қилган. Ўсиш суръати — 119,1 фоиз.

Кварталдаги ўртача ойлик иш ҳақи статистикасини тузишда қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнес субъектлари ҳисобга олинмаган, чунки улар йилига бир марта ҳисобот тақдим этади.

Ҳудудлар кесимида қарайдиган бўлсак, бошқа вилоятларга нисбатан Навоий вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида ўртача ойлик иш ҳақида кескин фарқ қилади: Навоийда — 4 миллион 730 минг сўм; пойтахтда — 5 миллион 211 минг сўм. Кўрсаткич қолган вилоятларда 2,5-2,9 миллион сўмни ташкил қилади.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ушбу хабарга ўз карикатураси билан муносабат билдирди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Овчи ўлдирса, «табиатдан ажратиб олиш», оддий одам ўлдирса, «ваҳшийлик». Экоқўмита Қашқадарёда қўнғир айиқ боласининг ўлдирилганига муносабат билдирди.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманининг тоғли ҳудудида «Қизил китоб»га киритилган қўнғир айиқлар яшаши аниқланганди. Кейинчалик унинг боласи ўлдирилгани маълум бўлган. Давлат Эколоигия қўмитаси ушбу ҳолатга муносабат билдирди. Шунингдек, гумондор шахс топилди.

Кадр: Telegram

Экоқўмита «бундай ваҳший ҳолатларни қатъий қоралаши ва ҳуқуқбузарларни қонуний тартибда жазога тортилишини ўз назоратига олиши»ни маълум қилди. Шунингдек, бу бўйича жиноий жавобгарлик борлигини ҳам эслатиб ўтган.

Қўмитанинг бу баёнотидан кейин «Қизил китоб»га киритилган айиқни овлаган россиялик овчи кейси эсига келади кишини. Ўшанда Экология қўмитаси «ʼҚизил китобʼга киритилган ҳайвонларни овлаш бутун дунёда борлиги»ни айтиб, жараённи «айиқни табиатдан ажратиб олиш» деб атаганди. Оддий аҳоли ўлдирганда эса бу жумла ишлатилмаган.

Кадр: Telegram

Аслида, бирини қоралаб, иккинчисини ёнини олмаяпмиз. Иккиси ҳам бирдек ваҳшийлик (бири кўп, бири кам эмас — баравар). Аммо, қўмита «рухсатнома» билан ўлдирган (хорижлик) овчини ҳимоя қилиб, бу ваҳшийликка кўз юмганди. Қизиқ ҳолат.

Хай, «ўзимизни айиққа» қайтайлик (руслар айтадику, «ўзимизнинг қўйга қайтайлик», деб). Кейинчалик Экология қўмитаси ўзининг ҳудудий инспекторлари ва туман ИИБ ходимлари билан олиб борган тезкор қидирувида гумондор шахс аниқланганини маълум қилди.

Фото: Давлат экология қўмитаси

У Дехқонобод туманининг Оққишлоқ МФЙ Қизилсой қишлоғида яшовчи фуқаро экани аниқланган. Унинг хонадони текширилганда бир дона айиқ боласининг териси топилган. Айиқ терисини уйида сақлаб келган фуқаро уни ўлик ҳолда топганини айтган. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида айиқ боласи териси экспертизадан ўтказилади.

Гумондор шахсдан тушунтириш хати олиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳозирда тузилган ишчи гуруҳ томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

Шунга ўхшаш ҳолат Бухорода ҳам кузатилди. У ерда ободонлаштириш ходимлари колбаса билан итларни заҳарлади.

Бухоро шаҳридаги Зарафшон маҳалласида ободонлаштириш бўлими ходимлари итларни дорилар тўлдирилган колбаса билан захарлади.

Маҳалла раҳбарияти ходимларни итларни заҳарламаслик бўйича огоҳлантирган. Шунингдек, ҳайвонларни ўлдириш учун қонуний жазо борлиги эслатиб ўтилган. Бироқ ходимлар гўёки кетаётгандек кўриниш бериб, заҳарланган колбасани итларга ташлаган. Бунинг оқибатида ҳайвонлар нобуд бўлган. Аҳоли ҳодисани тасвирга олишга муваффақ бўлган.

Ҳолат юзасидан «Меҳр ва Оқибат» Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, ҳайвонларни заҳарлаган айбдорларни жавобгарликка тортишни сўраган.

Қанийди шундай бўлса: Математика дарслигида 1 сутка 33 соат деб ёзилди. Республика таълим маркази (русча) китобларда хато кетганини тан олди.

Қанчалик кулгили ва бир тарафдан қанчалик ҳавас қиларли кўринмасин, иккинчи синф математика дарслигида 1 сутка камида 33 соат деб ёзилди. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, болалар вақтни соат бўйича тўғри аниқлаш керак бўлган дарсда қуйидагича маълумот берилган:

  • 08:33 — 27 такам 21;
  • 09:39 — 21 такам 33 экани кўрсатилган.
Фото: «NOVA24»

«NOVA24» Халқ таълим вазирлиги расмийси билан боғланиб, ҳолатга изоҳ олди. Халқ таълим вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази вакили Холмирза Юсупов ушбу дарсликда русча таржимада хатоликка йўл қўйилганини тан олган (тан оладиямда, бошқа нима қилади?!).

«Бироқ нашриётдаги дарсликларнинг аксарияти қайта кўриб чиқилиб, нашр этилган. Чекланган миқдордаги дарсликлардагина хатолар сақланиб қолган», — деган расмий.

Катта шаҳарларда ҳам кичик кўнгилсизликлар бўлиб туради. Асосийси — унинг тўғриланиши ва такрорланмаслиги. Ҳурматли ота-оналар, сиз эса болаларингиз нафақат 1 сутка 33 соатдан иборат эмаслигини (сиз ўқиган пайтлардаги китобда тўғри ёзилгани учун аслида суткада неччии соат эканини ёзмадик), балки вақт ғаниматлигини ҳам ўргатинг.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида мактаблар билан ҳамкорликда хизмат қиладиган катта инспектор лавозими жорий этилди.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бошқармаларида мактаблар билан ҳамкорликда хизмат қиладиган катта инспектор лавозими жорий этилди (умумий штатларда). Улар нима билан шуғулланиши лавозим номидан маълум.

Шунингдек, қарорга кўра, мактабларда кўнгилли ёшлар иштирокида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клуби ҳамда «Яшил чироқ» мусобақаси ташкил этилади.

Ўқиш тавсия этилади: АҚШ, Германия ёки Швейцария. Ўзбек ёшлари қаерга сурмоқчи?

Фото: «Bugun.uz»

Бир неча йилдан буён ўзбек ёшлари орасида, асосан, ижтимоий тармоқларда фаоллар орасида хорижга чиқиш, аниқроғи «суриш» кайфияти ҳукмрон. Хўш нега? Нега бугун ўзбек ёшлари ватандан чиқиб кетишни тез-тез ўйлаб қолади? Ўзи аслида «суриш керак» тенденцияси қачондан бошланди? Бугунги мақолада шу каби саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун ўзимиз ўтказган кичик сўровномада қатнашганларнинг фикрларини умумлаштирган ҳолда ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Хўш, оламда нима гап?

Путин Украинадаги «махсус операция» БМТ низомига мувофиқ бошланганини айтди.

Россия президенти Владимир Путин 26 апрель куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашувда Украинадаги уруш бўйича (баъзи) муҳим баёнотлар берди.

Фото: «Sputnik»

Унинг сўзларига кўра, Россия Донецк ва Луганск мустақиллигини тан олганидан сўнг уларнинг расмийлари ҳарбий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган.

«Биз БМТ Низомининг 51-моддаси, еттинчи бўлимга мувофиқ, махсус ҳарбий операцияни бошлаш орқали бунга мажбур бўлдик», — деган у. Ўз навбатида, Россия президенти номаълум қабрлар топилган Буча воқеаларига ҳам тўхталиб ўтган.

Афсуски, келишувларга эришганимиздан сўнг Россия армиясининг ҳеч қандай алоқаси йўқ бўлган Буча воқеаларига дуч келдик. Биз буни ким қилгани, ортида ким тургани ва тайёрлаганини биламиз», — дейди Путин.

Унинг таъкидлашича, Истанбулдаги музокараларда жиддий ютуққа эришилган, аммо Бучадаги воқеалар ва Украина томонининг баёнотларидан сўнг россиялик музокарачиларнинг позицияси ўзгарган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.