Жаҳон - 0:15 · 27.04.2022

Дунё бўйлаб болалар орасида тарқалаётган номаълум гепатит сабаби айтилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 12 та давлатда болаларда номаълум гепатит аниқланганаётганидан огоҳлантирганди. Мутахассислар мазкур касалликка нима сабаб бўлаётганини прогноз қилди.

Фото: «Plu7»

Буюк Британия соғлиқни сақлаш агентлиги касаллик «F41» деб номланган аденовирус штами сабаб келиб чиққан бўлиши мумкинлигини айтган. Болаларда гепатитнинг ривожланиши ошқозон-ичак инфекцияси белгилари билан бошланган: асосий аломатлар қорин оғриғи, диарея ва кўнгил айниши бўлган. Касалликнинг оҳирги босқичида жигар ферментлари ошишидан ташқари, болаларда сариқ касаллик ҳам кузатилган.

Ҳозирда касалликка сабаб бўлувчи бошқа омиллар (коронавирус ва аденовируснинг бирикиши) ҳам ўрганилмоқда. Бироқ, касаллик COVID-19 вакциналари билан боғлиқ эмаслиги таъкидланган, чунки Британияда ушбу касалликка чалинган болаларнинг аксарияти коронавирусга қарши эмланмаган. Олимлар ҳозирда вируснинг генетик таркибида жигар яллиғланишига олиб келиши мумкин бўлган ўзгаришлар бўлган-бўлмаганлигини текширишмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, болалар симптомлар ҳақида катталарникига қараганда камроқ хабар бермоқда. Шунинг учун экспертлар ота-оналардан касалликнинг эрта аломатлари, қорин оғриғи ва кўзнинг сарғайиши, кузатилса, эҳтиёт бўлишга чақирган. ЖССТ аденовирус ва бошқа кенг тарқалган инфекцияларнинг олдини олиш бўйича умумий чора-тадбирлар қўлларни мунтазам ювиш ва нафас олиш гигиенасини ўз ичига олишини маълум қилган. Ташкилот ЖССТга аъзо давлатларга болаларда ўткир гепатит ҳолатларини текшириш ва хабар беришни тавсия қилган.

Аввалроқ Қозоғистонда аҳоли номаълум вирусга чалинаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон билан чегарадош давлатда номаълум касаллик сабаб чорва моллари нобуд бўлаётгани маълум қилинган.