Жаҳон, Иқтисод - 0:13 · 27.04.2022

Глобал очарчилик 100 миллионга яқин одамни қамраб олиши мумкин

Украинадаги вазият туфайли таъминот занжирларининг узилиши ўғит танқислигига олиб келиши ва фермерларни етарли ҳосил етиштириш имкониятидан маҳрум қилиши мумкин. Бу ҳақда «Compact» нашри хабар берди.

ФотО: «Shutterstock»

Германиянинг кимё-фармацевтика корпорацияси бошлиғи Маттиас Бернингер 2023 йилда инсоният тарихдаги энг катта озиқ-овқат инқирозига дуч келишини айтган. Шунга ўхшаш фикрни немис иқтисодчиси Матин Каим ҳам қўллаб-қувватлаган. Унинг фикрича, 2023 йили глобал очарчилик 100 миллион одамни қамраб олиши мумкин.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари Дэвид Бизли озуқа тақчиллиги туфайли йирик миграция оқими бошланишини қўшимча қилган. У Шарқий Европадаги можаро «тасаввур қилиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши»ни таъкидлаган. Таҳлилчиларнинг фикрича, дунё 1945 йилдан бери энг катта иқтисодий инқирозга юз тутмоқда.

Бразилия қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида жиддий йўқотишлардан хавотирда. Иқлим шароити ғалла етиштиришни қийинлаштирган ва импорт маҳаллий аҳоли учун тобора қийинлашиб бораётган Африкада эса вазият янада ёмонроқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров Украинадаги уруш сабаб аҳолидан пулни беҳуда сарфламасликни сўраганди. Президент дунёда содир бўлаётган сўнгги воқеалар туфайли вазият янада ёмонлашиши мумкинлигини айтган.

Қозоғистон дон ва ун экспортига чеклов ўрнатаганди. Ўз навбатида, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон дунёдаги вазият сабабли аҳолини икки йиллик озиқ-овқат ғамлашга чақирганди. Қозоғистонда эса буғдой ва ун экспорти учун квоталар жорий этилган.