Жамият, Жиззах - 22:03 · 27.04.2022

Жиззахда «тиббиёт бригадаси» беморни замбилдан тушириб юборди — видео

Жиззах вилояти Арнасой туманида «тиббиёт бригадаси» беморни замбилдан тушириб юборди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 23-24 апрель кунлари туманда уюшмаган ёшлар ўртасида «Қувноқлар ва зукколар» республика кўрик-танлови ўтказилиб, ушбу видеоролик туман маданият маркази режиссёри Б. Айюбов томонидан ҳудуддаги Ғафур Ғулом, Ғолиблар, Бобур ва Олтин водий маҳалла фуқаролар йиғинлари ёшларидан иборат «Шоввозлар» терма жамоаси учун махсус суратга олинган.

Шундан сўнг бу лавҳа мазкур жамоа аъзоларининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларига «Қувноқлар ва зукколар учун махсус» таг сўзи остида жойланган. Аммо кейинчалик айрим блогерлар томонидан нотўғри талқин қилинган ҳолда интернет тармоқларига тарқатиб юборилган.

«Яъни, ушбу видеолавҳада акс этган нохуш ҳолатга мамлакат тез тиббий ёрдам тизими, хусусан, Арнасой туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бригадаси ходимларининг мутлақо алоқаси йўқ. Шу боис вазирлик фуқаролардан ижтимоий тармоқларда тиббиёт ходимлари обрўсига путур етказадиган бу каби асоссиз ахборот ва видеолавҳаларни тарқатмасликларини сўраб қолади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда тиббиёт ходимларига ҳижобда юришга рухсат берилгани ҳақида маълумот берилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу хабарларни рад этганди.