Ким Чен Ин Шимолий Корея ҳар қандай душманни йўқ қилишини айтди
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ҳарбий можаро бошлашга уринган ҳар қандай кучни йўқ қилиши, мамлакат ядровий кучларини максимал тезликда мустаҳкамлашда давом этишини айтди. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

КХДР етакчиси 25 апрель куни халқ армияси ташкил этилганининг 90 йиллигига бағишланган парадда бу бўйича маълумот берган.
«Ҳозир ҳарбий кучларимиз ҳар қандай жангга тайёр. КХДР билан ҳарбий можарога ҳаракат қиладиган ҳар қандай кучни йўқ қиламиз. Мамлакатнинг ядровий кучларини максимал тезликда янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чораларини кўрамиз», — деган Ким Чен Ин.
Шунингдек, расмий мамлакат ядро қуролининг тўхтатувчи кучидан ҳар қандай вақтда фойдаланишга тайёр бўлиши кераклигини айтган.
«Жумладан, ҳарбий қудратимиз рамзи ва асоси бўлган ядровий кучларни миқдор ва сифат жиҳатидан мустаҳкамлаш зарур. Уруш бўлган тақдирда, улардан турли операцияларда фойдаланиш ва ядровий жанг қилиш қобилиятини кўрсатиш керак», — дейди у.
Шимолий Корея раҳбари, шунингдек, ядро қуролининг асосий вазифаси «урушнинг олдини олиш» бўлса-да, уларнинг мақсади фақат бу билан чекланмаслигини таъкидлаган.
«Агар бирон бир куч асосий манфаатларимизга дахл қилса, ядровий кучларимизнинг иккинчи кутилмаган функциясидан фойдаланмасликнинг иложи бўлмайди», — дея қўшимча қилган КХДР раҳбари.
Аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Япония судига чақирилганди. Шунингдек, Шимолий Корея ядро синовларини қайта тиклаганди.