Жамият, Тошкент ш. - 23:29 · 27.04.2022

Олмазор туманидаги дарахтларнинг таги бетонлаб ташлангани айтилмоқда

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги дарахтларнинг таги бетонлаб ташлангани айтилди. Бу ҳақда «Ekolog.uz» Telegam каналида хабар берилди.

Фото: Telegram

Маълум қилинишича, туманнинг Қора-қамиш 2/4 мавзесида жойлашган «Макро» супермаркети ёнидаги кўпқаватли уйнинг ёнида катта дарахтларнинг таги бетонлаб ташланган.

Фото: Telegram

Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилояти Мирзачўл туманида йўл четига экилган 75 туп дарахтнинг таги бетонлаб ташлангани ҳақидаги хабардан сўнг Давлат экология қўмитаси ҳолат бўйича муносабат билдирганди.

Маълум қилинишича, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан мазкур ҳолат ўрганилганда ҳақиқатан ҳам туманнинг Гагарин шаҳарчаси Дўстлик МФЙ Халқлар дўстлиги кўчасининг икки томонига экилган 75 туп дарахт атрофи йўлак қуриш ишлари давомида бетонлаб юборилгани аниқланган. Дарахтларнинг барчаси: 38 туп арча, 7 туп ясень, 1 туп тут, 1 туп акация, 1 туп гилос, 4 туп қайрағоч, 7 туп эльдор қарағайи, 12 туп айлант дарахтларининг тагидаги бетонлар бузиб олинган ва дарахтларнинг таги юмшатилиб, парвариш қилинган.

Аввалроқ Қашқадарё вилоятидаги Қарши давлат университетида 38 туп дарахт ноқонуний кесиб ташлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Андижонда 12 туп дарахт кесиб ташлангани бўйича ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига жиноят иши қўзғатилган.