Жаҳон - 16:58 · 27.04.2022

Путин Украинадаги «махсус операция» БМТ низомига мувофиқ бошланганини айтди

Россия президенти Владимир Путин 26 апрель куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашувда Украинадаги уруш бўйича муҳим баёнотлар берди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Путин Мариуполда ҳозирда жанглар олиб борилмаётганини айтган. «У ерда вазият мураккаб ва фожиали, лекин Мариуполда ҳеч қандай жанговар ҳаракатлар йўқ, улар тўхтатилган», — деган Россия президенти. У Украинадаги «махсус операция» БМТ низомига мувофиқ бошлангани, Донецк ва Луганскни тан олиш «одамлар геноцидини тўхтатиш» учун мажбурий чора эканини таъкидлаган.

«Киев биринчи шахслари орқали Минск келишувларига риоя қилмоқчи эмаслигини билдирганидан сўнг бу ҳудудларда яшовчи одамларнинг геноцидини тўхтатиш учун ‘махсус операция’ бошлашга мажбур бўлдик. Яна бир бор такрор айтаман, операция ушбу ҳудудларда яшовчи одамларнинг азоб-уқубатларига чек қўйиш учун зарур чорадир», — деган у.

Путиннинг сўзларига кўра, Ғарбдагилар «буларнинг барчасига эътибор бермасликни афзал кўрган». Россия Донецк ва Луганск мустақиллигини тан олганидан сўнг уларнинг расмийлари ҳарбий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган.

«Биз БМТ Низомининг 51-моддаси, еттинчи бўлимга мувофиқ, махсус ҳарбий операцияни бошлаш орқали бунга мажбур бўлдик», — деган у. Ўз навбатида, Россия президенти номаълум қабрлар топилган Буча воқеаларига ҳам тўхталиб ўтган.

«Афсуски, келишувларга эришганимиздан сўнг Россия армиясининг ҳеч қандай алоқаси йўқ бўлган Буча воқеаларига дуч келдик. Биз буни ким қилгани, ортида ким тургани ва тайёрлаганини биламиз», — дейди Путин.

Унинг таъкидлашича, Истанбулдаги музокараларда жиддий ютуққа эришилган, аммо Бучадаги воқеалар ва Украина томонининг баёнотларидан сўнг россиялик музокарачиларнинг позицияси ўзгарган.

Аввалроқ Путиннинг Украина бўйича режалари маълум қилинганди. Шунингдек, Британия бош вазири Путин билан музокара олиб бориш тимсоҳ билан савдолашишга ўхшашини айтган.