Қашқадарёда айиқ боласининг ўлдирилгани бўйича қўшимча маълумот берилди
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманининг тоғли ҳудудида «Қизил китоб»га киритилган қўнғир айиқ боласи ўлик ҳолда топилганига муносабат билдирилганди. Экология қўмитаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, қўмита инспекторлари ва туман ИИБ ходимлари билан биргаликда тезкор қидирув олиб борилган. Гумондор шахслар туманнинг Оққишлоқ МФЙ Қизилсой қишлоғида яшовчи фуқаро К.Ш. экани аниқланди. Унинг хонадони текширилганда бир дона айиқ боласининг териси топилган.
Айиқ терисини уйида сақлаб келган фуқаро уни ўлик ҳолда топганини айтган. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида айиқ боласи териси экспертизадан ўтказилади. Гумондор шахсдан тушунтириш хати олиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳозирда тузилган ишчи гуруҳ томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этилади.
Аввалроқ Зарафшон дарёси бўйида йўқолиб кетгани айтилган суғур излари топилгани ҳақида хабар берилганди.