Жаҳон - 0:16 · 27.04.2022

Қодиров Украина томонда жанг қилаётган чеченлар ҳақидаги маълумот учун миллион доллар ваъда қилди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Киев томонидан жанг қилаётган чеченистонлик «Шайх Мансур ва Дудаев батальонлари» жойлашуви ҳақидаги маълумот учун миллион доллар мукофот пули эълон қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида хабар қилди.

Фото: Telegram / @RKadyrov_95

«Уларнинг жойлашуви ҳақидаги хабар учун ҳар бир кишига миллион доллар эълон қиламан. Уларни қўлдан қўйиб юбормаслигимиз, йўқ қилишимиз керак ёки улар тиз чўкиб, халқидан, бутун мусулмонлардан кечирим сўраши зарур», — деган у.

Февраль ойи охирида Қодиров Чеченистондан қочган, ўзларини «Шайх Мансур ва Дудаев батальонлари» деб атаган ва урушда Киев томонида жанг қилишга тайёр эканини билдирган одамларни «ҳал қилиш»га ваъда берганди.

Аввалроқ Рамзан Қодиров украиналик ҳарбийлар олдида 2 та танлов борлигини айтганди. Шунингдек, у Киевга ҳужум уюштирилишини маълум қилганди.