Жаҳон - 19:41 · 27.04.2022

Қозоғистонда Назарбоевнинг ваколатлари тўғрисидаги қонун бекор қилиниши мумкин

Қозоғистонда мамлакат собиқ президенти Нурсултон Назарбоевга қатор имтиёз ва ваколатлар берувчи «Биринчи президент тўғрисида»ги қонунни бекор қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Фото: «Коммерсантъ»

Парламент спикери Ерлан Кошанов бу бўйича маълумот берган. «Конституцияга киритилган ўзгартиришлар Элбоши мақомини истисно қилади. Унда Назарбоевнинг давлат асосчиси сифатидаги роли сақлаб қолинган. Мазкур норма қабул қилингандан сўнг биринчи президент тўғрисидаги конституциявий қонун ҳам ўз кучини йўқотади», — дейди расмий.

Шунингдек, спикер ҳозирда ўзгартиришлар Конституциявий кенгашда эканини тушунтирган. «Конституцияда собиқ президентлар тўғрисида норма бор, у сақлаб қолинади ва мамлакатнинг биринчи президентига нисбатан қўлланилади», — деган Кошанов.

Расмий  референдум ўтказилиши ёки конституцияга ўзгартиришлар парламент томонидан қабул қилиниши борасида ҳозирча аниқ қарор йўқлигини таъкидлаган. У Нурсултон Назарбоев собиқ президентлар тўғрисидаги қонун доирасида давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, пенсия олиши, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишини айтган.

Аввалроқ Қозоғистон собиқ президентига янги давлат мақоми берилиши ва уни Қозоғистон сиёсатидан четлатиш маъқуллангани маълум қилинган.