Жаҳон - 19:55 · 27.04.2022

Россияда болаларнинг ковидга чалиниш кўрсаткичи ошди

Россияда коронавирусга чалинган болалар сони 2021 йилга нисбатан 18 фоизга ошди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Российская Газета»

Мамлакатда ковидга чалинганларнинг 60 фоизи 30 ёшдан 65 ёшгача бўлган одамларга тўғри келади. «Россияда болаларнинг коронавирус юқтираётгани «омикронʼ штами билан боғлиқ», — дейди «Роспотребнадзор» эксперти, Россия Фанлар академиги Василий Акимкин.

27 апрель ҳолатига кўра, Россияда касалхонага ётқизилганлар сони 2986 кишини ташкил этмоқда ва бу олдинги кунга нисбатан 5,54 фоизга кам. 7705 та янги COVID-19 ҳолати аниқланган. Касалликдан бир кунда 163 киши вафот этган. Кунига 11 477 нафар бемор тузалган, бу 26 апрелга нисбатан 3,55 фоизга кам ҳисобланади.

Аввалроқ Пекинда аҳолини коронавирусга оммавий текшириш бошланганди. Шунингдек, қайси давлатлар сайёҳлар учун коронавирус талабларини юмшатгани маълум қилинган.