Жаҳон - 22:34 · 27.04.2022

Россияга қарши навбатдаги санкциялар, Путиннинг таҳдиди, G20 саммитига таклифнома олган Зеленский

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 27 апрель куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «ТАСС»

Вашингтон Украинадаги «махсус операция» муносабати билан АҚШга нисбатан кибертаҳдид кучайганини маълум қилди

Россиянинг Украинадаги «махсус операцияси» муносабати билан кибермаконда АҚШга нисбатан таҳдид жиддийлашгани, АҚШ расмийлари компьютер тизимларини ҳимоя қилиш учун қўшимча чоралар кўрганини маълум қилинди. Бу ҳақда АҚШ ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркаснинг Конгресс Вакиллар палатасининг маблағлар бўйича қўмитаси сайтида чоп этилган баёнотида айтилди.

«Бошқа давлатлар, шунингдек, ҳукуматлар томонидан қўллаб-қувватланадиган шахслар ва жиноятчилар томонидан кибермакондаги таҳдид мамлакатимиз учун энг жиддий хавфлардан бири ҳисобланади. Бу таҳдид ҳозирги Россия–Украина инқирози туфайли кучайди», дейилади ҳужжатда.

Маллоркаснинг таъкидлашича, февраль ойида АҚШ расмийлари «Россия–Украина можароси билан боғлиқ кибермаконда зарарли ҳаракатлар хавфи ортиши» туфайли тармоқ ресурслари хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрган.

Канада Донецк ва Луганскнинг 203 нафар вакилига нисбатан санкциялар киритди.

Канада Донетск ва Луганскнинг яна 203 нафар вакилини санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда Канада ҳукумати сайтида эълон қилинган ҳужжатда айтилди.

Рўйхатга, хусусан, Донецк ташқи ишлар вазири Наталья Никонорова, Луганск ташқи ишлар вазири Владислав Дейнего, Донецк таълим ва фан вазири Михаил Кушаков, Донецк соғлиқни сақлаш вазири Александр Опришченко ва Луганск бош вазири ўринбосари Анна Тодорова киритилган.

Санкциялар рўйхатига кириш Канададаги мумкин бўлган активларни музлатиш ва мамлакатга киришни тақиқлашни англатади.

Болгария президенти Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилишига қарши чиқди

Болгария президенти Румен Радев журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишга кескин қарши чиқишини маълум қилди.

«Украинага ҳарбий ёрдам мутлақо кўрсатилмайди. Бу Болгарияни ушбу можарога жалб қилиш йўлидаги қадам дегани. Афсуски, биз тинчликка, можарони тезроқ тугатишга даъватлар аста-секин сўниб бораётганини кўриб турибмиз. Аммо ʼғалабаʼ сўзи нимани англатишини тушуниш керак, агар бу ўз-ўзини йўқ қилиш ва Европани иқтисодий жиҳатдан йўқ қилиш дегани бўлса, унда бизнинг мамлакатимиз бу йўналишда ҳаракат қилиши керак, деб ўйламайман», — деди Радев.

Швейцариянинг Россияга қарши янги санкциялари 

Швейцария Федерал кенгаши Россия ва Беларусга қарши янги санкциялар киритди. Улар, жумладан, Россия кўмирини мамлакатга олиб киришни тақиқлаш ва трестларни рўйхатдан ўтказишни назарда тутади.

«Янги чора-тадбирлар товарларга нисбатан кенг қамровли санкцияларни ўз ичига олади, шу жумладан, қўнғир кўмир ва кўмир, шунингдек, Россия учун муҳим даромад манбалари бўлган товарлар (масалан, ёғоч, семент, денгиз маҳсулотлари, икра) импортини тақиқлайди», дейилади хабарда.

Санкциялар молиявий секторга ҳам таъсир қилади. Россия давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳар қандай ёрдами тақиқланади. Швейцарияда энди Россия фуқаролари ёки Россияда истиқомат қилувчи жисмоний ёки юридик шахслар учун трастларни рўйхатдан ўтказиш мумкин эмас. Бундай трастлар учун хизматлар ҳам тақиқланган.

Путин Украинадаги вазиятга аралашиш истагида бўлганларга «чақмоқ уриши» билан таҳдид қилди

Президент Владимир Путиннинг айтишича, агар кимдир Украинадаги вазиятга ташқаридан аралашишни истаса ва стратегик характердаги хавф туғдирса, у ҳолда «зарба яшин тезлигида бўлади». Унинг сўзларига кўра, бундай зарба бериш бўйича барча қарорлар «аллақачон қабул қилинган».

«Агар кимдир Украинадаги вазиятга ташқаридан аралашишни истаса ва Россия учун номақбул стратегик хавф туғдирса, жавоб тезкор бўлади, бу борада қарорлар қабул қилинди», — дейди Путин.

Зеленский G20 саммитига таклифнома олганини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский G20 саммитига таклиф қилинганини маълум қилди. Аввалроқ «Bloomberg» агентлиги Америка томони Индонезия президентидан Украина президентини 2022 йил 15–16 ноябрь кунлари Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтадиган тадбирга таклиф қилишни сўрагани ҳақида хабар берган.

«Индонезия президенти Жоко Видодо билан музокаралар олиб бордим. Унга Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагани, хусусан, БМТдаги аниқ позицияси учун миннатдорчилик билдирдим. Биз озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилдик. G20 саммитига таклиф учун миннатдорман», — деб ёзган Зеленский ўзининг Twitter’даги саҳифасида.

Индонезия молия вазири Муляни Индраватининг айтишича, саммитга G20га аъзо барча давлатлар раҳбарлари, жумладан, Россия президенти Владимир Путин таклиф қилинган.