Жамият, Сирдарё - 13:45 · 27.04.2022

Сирдарёда тадбиркордан 3 млн сўм пора олган электр таъминоти муҳандиси ушланди

Сирдарё вилояти Гулистон туманида тадбиркордан давлатга етказилган зарарни йўқ қилиб бериш эвазига 3 миллион сўм пора олган электр таъминоти муҳандиси ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Гулистон тумани бўлимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Аниқланишича, «Ж.Ф.» МЧЖга қарашли бинода электр тармоғига ноқонуний уланиши оқибатида давлатга 64 миллион сўм зарар етказилган. Туман электр таъминоти корхонасининг истеъмолчилар билан ишлаш сектори муҳандиси И.Т. бу маълумотни йўқи қилиб бериш эвазига 3 миллион сўм пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда «свет»дан қарздорликни ўчиртиришни ваъда қилган электр таъминоти ходими 5 миллион сўм пора билан ушланганди.