Илм-фан - 18:37 · 27.04.2022

Telegram’да янги функция ишга тушади

Telegram мессенжерида янги функция — янгиликлар тасмаси пайдо бўлади. Бу ҳақда «Telegram Info» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, унда фойдаланувчи обуна бўлган барча янгиликлар узатувчи каналлардаги хабарлар тўпланади. Янгилик GitHub’да (IT-лойиҳаларни жойлаштириш ва уларни ишлаб чиқишга мўлжалланган энг йирик веб-хизмат) чоп этилган iOS учун мессенжер кодида аниқланган. Функция мессенжернинг янгиланган версиясида ишга тушади. Янгиланиш мессенжернинг Android ва компьютер версияларида пайдо бўлиши ҳақида маълумот йўқ.

macOS учун Telegram’нинг бета-версиясида аватар ишлаб чиқариш функцияси пайдо бўлган. У иллюстрация сифатида профилга расм қўйиш, ёзишмалар фонини танлаш ва матн қўшишга ёрдам беради. Бундан ташқари фойдаланувчи профиль расми ўрнида ҳар қандай стикерларни қўйиши мумкин. Аватар «Профилни ўзгартириш» бўлимининг «Мослаштириш» функциясидан жой олган.

Аввалроқ Telegram янги функцияларни ишга туширганди. Шунингдек, Қозоғистонда WhatsApp, Facebook ва Telegram фаолияти чекланиши мумкинлиги маълум қилинган.