Жаҳон - 20:14 · 27.04.2022

Хитойда 4 яшар бола H3N8 парранда грипига чалинди

Хитойнинг Хенан провинциясида биринчи марта одамда H3N8 парранда грипи аниқланди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «Al Mayadeen English»

Маълум қилинишича, бемор 4 яшар бола бўлиб, унда касаллик паррандалар билан алоқага киришгандан сўнг юзага келаган. Бола яшайдиган уй ёнида ёввойи ўрдаклар борлиги маълум бўлган. Беморда дастлабки аломатлар, жумладан, иситма 5 апрель куни кузатилган, 10 апрель куни эса унинг аҳволи ёмонлашгани сабабли касалхонага ётқизилган. 24 апрель куни текширувдан сўнг болада H3N8 инфекцияси борлиги аниқланган.

«Мутахассислар фикрича, H3N8 вируси паррандалардан келиб чиққан бўлиб, авваллари одамларга юқмаган. Вируснинг бу тури бутун дунё бўйлаб отлар, итлар, қушларда аниқланган, бироқ одамларнинг H3N8’га чалиниш ҳолати кузатилмаган», дейилади хабарда.

Хитой расмийлари мазкур ҳолат қушдан одамга тасодифий турлараро юқишни англатиши, вируснинг кенг миқёсда тарқалиш хавфи пастлигини таъкидлаган.

Аввалроқ олимлар Гонконг грипи эпидемиясидан огоҳлантирганди. Шунингдек, дунёда илк марта одамда парранда грипининг «H10N3» штами аниқланганди.