Жаҳон - 10:01 · 28.04.2022

АҚШда озиқ-овқат нархи тарихий рекордни янгилади

АҚШда Украина инқирози ва бир қанча омиллар озиқ-овқат нархларининг кескин ўсишига олиб келди. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

Фото: «Business Insider»

Мамлакатда нарх ошиши бўйича ўрнатилган сўнгги рекорд 1980 йилларнинг бошида кузатилган.

«Ҳафта бошида Чикаго товар биржасида маккажўхори фьючерслари бир бушель (инглизларда қўллайдиган ўлчов бирлиги) учун саккиз доллардан ошди, бу деярли ўн йил ичида рекорд даражада юқори кўрсаткичдир», дейилади хабарда.

Нашрга кўра, мазкур ҳолат бир неча сабабларга кўра юзага келган. Жумладан, апрель ойининг ўрталарида мамлакат президенти Жо Байден ёзгача таркибида этанол миқдори юқори бўлган бензинни сотишга рухсат беришини айтган, бу эса ёқилғи қуйиш шохобчаларида нархларни пасайтириши керак бўлган. Бироқ, бу атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиб, маҳсулотлар нархининг ошишига ҳам олиб келади.

Гап шундаки, этанолни олиш учун одатда истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда ва ҳайвонларга ем учун ишлатиладиган маккажўхори керак.

«Чорвачилик билан боғлиқ харажатларнинг 60 фоизи озуқага тўғри келишини инобатга олсак, экспертлар мол, чўчқа, парранда гўшти ва балиқнинг айрим турлари нархи ошишини кутмоқда», дейилади хабарда.

Гўшт нархига Украинада содир бўлаётган воқеалар билан боғлиқ ўғитлар нархининг ошиши ҳам таъсир қилади. Нархнинг ошишига таъсир этувчи бошқа омиллар қаторида қуш гриппи, Калифорниядаги қурғоқчилик ва Мексика билан чегарадаги тирбандликлар келтириб ўтилган.

Аввалроқ Украинадаги уруш сабабли 100 миллионга яқин одам оч қолиши мумкинлиги маълум қилинган. Шунингдек, Қозоғистонда озиқ-овқат нархлари ошгани ҳақида маълум қилинган.