Жаҳон - 23:25 · 28.04.2022

Арманистон мамлакатга киришдаги ковид талабларини олиб ташлади

Арманистон 1 майдан бошлаб мамлакатга киришда амал қилган коронавирусга қарши чекловларни бекор қилади. Бу ҳақда «МИР 24» хабар берди.

Фото: «Azernews»

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Анаит Аванесян бу бўйича маълумот берган. «Арманистонга киришда ПЗР тестларининг салбий натижалари ёки эмлаш сертификатларини тақдим этиш талаби олиб ташланади. Ушбу қарорга кўра, 1 майдан бошлаб Арманистонга киришда ковидга қарши чекловлар қўйилмайди», — деган Аванесян.

Шунингдек, ишчилардан ҳафталик эмлаш сертификатлари ёки ПЗР тестининг салбий натижаларини тақдим этиш талаби ҳам бекор қилинган. Мамлакатда коронавирусга чалиниш кўрсаткичи кескин камайган. «Охирги 14 кун ичида 144 та COVID-19 ҳолати қайд этилган, бир киши касалликдан вафот этган», — деган расмий.

Аввалроқ қайси давлатлар сайёҳлар учун коронавирус талабларини юмшатдиши маълум қилинганди. Шунингдек, Туркияда коронавирус чекловларидан бири бекор қилинганди.