Жамият, Жаҳон - 21:00 · 28.04.2022

Бугун оқшоми. Тақиқланган букмекерлик, ярим-яланғоч (иштонсиз) суратини мажбуран тушганини айтган Марям, Россия ва Беларусь иттифоқи

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

«Мен кап-катта киши бўлсам, шу материални олиб ташлашга ҳаракат қиламанми?» — Жаҳонгир Усмонов «Rost24»дан ўчиб кетган суриштирув ҳақида.

Фото: «Bugun.uz»

«Эзгу мақсад» халқаро хайрия жамоат фонди раиси Жаҳонгир Усмонов бошчилигида ташкилотнинг 5 йиллик фаолияти юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Усмонов (у собиқ савдо-саноат палатаси вазири, Ўзбекистон футбол федерацияси раиси Мираброр Усмоновнинг ўғли ҳисобланади) «Rost24» бош муҳаррири Анора Содиқованинг сайтдан ўчиб кетган (Содиқова кейинчалик видеони ўз Facebook саҳифасига жойлаган) мақоласига тўхталди.

Аввало, мақола нима ҳақида эди?

Босим сабаб ўчирилгани айтилган материал «Ardus» қўшма корхонасининг бош директори, «Эзгу мақсад» хайрия жамоат фонди бошқарув раиси Жаҳонгир Усмонов фаолияти ҳақида тайёрланган. Усмоновнинг исми махфий бойлик ва молиявий ҳужжатлар тўпланган «Пандора ҳужжатлари»да қайд этилган. «Rost24» халқаро хайрия фонди, оффшор компаниялар, фондга берилган имтиёзлар ва унда айлантирилган пуллар ҳақида ёзди.

«Бош қаҳрамон» нима деди? Қисқа қилиб айтганда, у «оппоқ», «Пандора» ғирт туҳмат (унингча шундай-да!).

Раиснинг сўзларига кўра, материал туҳматдан иборат, бунга уларнинг исботи бор (экан). У бу (мақола чиқишидан бошлаб ўчиб кетишигача бўлган) жараённи интернетда томоша қилган, ҳатто кўрмаган ҳам, олиб ташланганини эшитган (лекин кузатган, қаранг!).

«Мен кап-катта киши бўлсам, шу материални олиб ташлашга ҳаракат қиламанми? ‘Негатив’ материал олиб ташланса, ким ҳақида материал бўлган бўлса, ана ўша одам ёки ташкилотга фақат зарар. Жавобим шу, уёғини ўзингиз ўйланг.

Менинг оилам учун бу жуда ҳам оғир бўлди. Майли, материал сайтдан олиб ташланди, xўп. 1–2 соатдан кейин Анора Содиқова саҳифасида худди шу материал чиқди. Нимага унда у таҳдиддан қўрқиб, ўзининг сайтидан хабарни олиб ташлади, орадан бироз ўтгач яна тармоқдаги саҳифасига юклади? Бу савол эмасми? Бу савол фақат менга эмас. Анора Содиқова соғ бўлсинлар, умрлари узоқ бўлсин», — дейди фонд раиси.

Берилмаган жавобни ўйлашни кераги йўқ. Бизнинг ҳам жавобимиз ҳам шу. Уёғини ўзингиз ўйланг.

Жаҳонгир Усмонов «Пандора ҳужжат»лари ҳақида ҳам гапирган. Унинг сўзларига кўра, ўша фирма ҳақида унда ҳеч қандай маълумот йўқ (қанчалик бой бўлиш керак одам ўзининг офшор компанияси ҳақида билмаслиги учун?!), аммо бу ҳақда суриштирув кетмоқда (шунингдек, Усмонов ўз нутқида кичкинагина «форточка» қидириб, топиб, айтиб кетди).

«Биринчидан, бу фирма тўғрисида менинг хабарим йўқ, ҳозир аниқлаштиряпман. Бу жараён осон эмас экан. Ростдан ҳам, шундай фирма бор, оролларда рўйхатдан ўтган, лекин бошқа маълумот йўқ ҳозирча. Мен бу маълумотни бераман, албатта. Иккинчидан, Ўзбекистон фуқароларига oфшор компанияларнинг қонун бўйича очиш мумкин бўлмаса, айтинг», — деди Жаҳонгир Усмонов

Фонд раисининг ҳамкасбимиз Анора Содиқовага айтган «самимий раҳмат»ларидан унга бўлган «ҳурмати» қанчалик «юқори» эканини кўриш мумкин. «Эзгу мақсад» — қандай чиройли ном, қанийди шундай бўлса, қанийди «исми жисмига, амалига мос» иборасини қўллай олсак.

Самарқандда сайёҳни ҳақорат қилган меҳмонхона иш бошқарувчиси 10 суткага қамалди.

Бош прокуратурага тарихий обидалар билан танишиш учун келган сайёҳ, IT соҳаси мутахассиси мурожаат қилган (бундан тахмин қилиш мумкинки, у катта эҳтимол билан оддий сайёҳ эмас, Россиядан (ё Беларусдан) келган релокант). Унда шаҳардаги меҳмонхона иш бошқарувчиси уни ҳақорат қилиб, шаън ва қадр-қимматини камситгани кўрсатган ва қонуний чора кўришни сўраган.

Фото: «Bugun.uz»

Ўтказилган ўрганиш натижаси бўйича меҳмонхона иш бошқарувчиси нинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги аниқланиб, судда иш бошқарувчига нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Релокантларни (умуман, ҳеч кимни) сўкманг, сўкинманг, улар сиз ишлатадиган сўкинишларни деярли барчасини тушунади — ахир улар россияликлар.

Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини амалга ошириш тақиқланди. Ҳа, олдин рухсат бор эди.

Фото: «РБК»

Президентнинг тегишли фармони билан 2019 йил 4 декабрдаги фармонда келтирилган, 2021 йил 1 январдан бошлаб халқаро тажрибадан келиб чиқиб спорт соҳасини, айниқса, футболни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ҳақидаги қисми бекор қилинди.

Тўғри ўқидингиз, бекор бўлишидан олдин рухсат бор эди. Энди у ҳам йўқ. Бор бўлганда ҳам яқинлашмаслигингизни тавсия қилган бўлардик.

«Бу уят ва тамға эди». Марям Тиллаева собиқ эри тармоққа жойлаштирган ярим-яланғоч суратига изоҳ берди.

Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 22 ёшли набираси Марям Тиллаева собиқ эри блогер Амиран Сардоров томонидан тармоққа жойланган ярим-яланғоч (иштонсиз) суратига изоҳ бериб, унинг ўзи бунга қарши бўлганини таъкидлади.

Диққат! Рўзадорларга қуйидаги суратни кўриш тавсия қилинмайди.

Скрин: Instagram / @amiran495

Марямнинг сўзларига кўра, у бу расм жойланганда манипуляция таъсирида бўлган. Амиран бу нарса хайп эканини айтиб, уни кўндирган.

«Мен ҳеч қачон бундай фотосуратни жойлаштирмаган бўлардим. Мен розилик бермаганман. Лекин қачонки сиз бир-бирига боғлиқ муносабатда ва кундалик манипуляциялар таъсирида бўлсангиз, бир инсоннинг ‘муҳаббати’ни йўқотиб қўймаслик учун ҳаммасига тайёр бўласиз.

Лекин у (Амиран Сардаров) 35 ёшида бу ўйинни онгли равишда ўйнади. Амиран менга ижтимоий тармоқлар шундай ишлашини, мен бу бўйича ҳеч нарсани тушунмаслигимни, бу хайп эканини айтди. У яна мен уни бу борада қўллаб-қувватлашим кераклигини, ҳаммасини биз учун қилаётганини айтди. Мен йиғладим. Ҳозир ўша ишни ўйласам, афсусланаман», — деб ёзган Марям Тиллаева.

Биринчи Президентнинг невараси бу постдан кейин кучли нафрат остида қолгани, таҳдидлар бўлгани, сурат уят ва тамға бўлганини айтди.

«Унинг постидан кейин кучли нафрат остида қолдим. Мени фоҳиша дейишди, ўлимимни хоҳлашди, таҳдидлар қилишди. Бу суратни Ўзбекистонда ҳамма кўрган, яқинларимга кўрсатган, ҳатто бувиларимга ҳам. Бу уят ва тамға эди. Ва мен энди шу билан умримнинг охиригача яшашга мажбур бўляпман», — деб ёзган Марям Тиллаева.

Эслатиб ўтамиз, ушбу сурат Instagram’га жойланганда кузатувчилар томонидан танқидлар ёғдирилган. Сўнг блогер Амиран бу иши учун Каримовлар оиласидан узр сўраган, шунда Мариям Тиллаева «Узр сўрашинг шарт эмас, менга сенинг контентинг ёқади», деб изоҳ қолдирган. Ҳаёт шунақа қизиқ экан.

Хўш, оламда нима гап?

Лукашенко Беларусь ва Россия иттифоқ давлати қураётганини айтди. У собиқ СССР давлатлари ҳам бунга қўшилишига умид билдирди.

Фото: Беларусь президенти матбуот хизмати

Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакат Россия билан бошқаларни жалб қила оладиган иттифоқ давлати қураётганини айтди. У, шунингдек, Беларусь билан ҳамкорликни ривожлантиришга Россия ҳудудлари томонидан катта қизиқиш бўлаётганини таъкидлаган. Давлат раҳбари Россиянинг Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев билан учрашувда бу бўйича маълумот берган.

«Сиз сабабли бизда шундай ҳамкорлик бор. Биз янги тамойиллар асосида ягона иттифоқ давлатини қуришга ҳаракат қилмоқдамиз, шунда ҳеч ким хафа бўлмайди, суверен, мустақил давлатлар — Беларусь ва Россия ривожланади. Ишончим комилки, собиқ иттифоқнинг бошқа республикалари ҳам бундай иттифоққа қўшилади», — деган Лукашенко.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов Лукашенко ва Путин қурмоқчи бўлган Иттифоққа атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Владимир Путин Украинадаги вазиятга ташқаридан аралашиш қандай оқибатга олиб келишини айтди.

Фото: «Sputnik»

Путин бу мамлакатларга қарши Россия рақибларида мавжуд бўлмаган воситалардан фойдаланишини айтган.

«Агар кимдир содир бўлаётган воқеаларга ташқаридан аралашмоқчи бўлса, улар бизга стратегик характердаги хавф туғдиришини англаши керак. Бунга жавоб яшин тезлигида амалга ошади, бу борада қарорлар қабул қилинган. Россиянинг жавобини сиз тарихингизда ҳеч қачон бошдан кечирмагансиз», — деган у.

Унинг сўзларига кўра, Россияда бунинг учун барча воситалар мавжуд. «Агар керак бўлса, биз улардан фойдаланамиз», — деган у.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.