Жамият, Сиёсат - 14:05 · 28.04.2022

Жаҳонгир Усмонов «Пандора ҳужжатлари»га киритилганига изоҳ берди — видео

«Эзгу мақсад» халқаро хайрия жамоат фонди раиси Жаҳонгир Усмонов ўзининг номи бир нечта дунё раҳбари, сиёсатчи ва миллиардерларнинг махфий бойлик ҳамда молиявий ҳужжатлари фош этилган «Пандора ҳужжатлари»га киритилганига муносабат билдирди. Бу ҳақда у АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида гапирди, дея хабар қилмоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, анжуман давомида фонднинг 5 йиллик фаолияти борасида ҳисобот берилган. Хусусан, журналистлар фонд раиси номи «Пандора ҳужжатлари»га киритилгани юзасидан изоҳ сўраган.

«Биринчидан, бу фирма тўғрисида менинг хабарим йўқ, ҳозир аниқлаштиряпман. Бу жараён осон эмас экан. Ростдан ҳам, шундай фирма бор, оролларда рўйхатдан ўтган, лекин бошқа маълумот йўқ ҳозирча. Мен бу маълумотни бераман, албатта. Иккинчидан, Ўзбекистон фуқароларига oфшор компанияларнинг қонун бўйича очиш мумкин бўлмаса, айтинг», — деди Жаҳонгир Усмонов

Бундан ташқари, анжуман давомида фонд очилганидан буён у ҳақдаги маълумотлар ва фонд маблағлари орқали даволанганлар борасида ахборотлар нима сабабдан берилмагани юзасидан изоҳ сўралган. Жаҳонгир Усмонов эса саволга жавоб бериб, беморлар ҳақидаги маълумотлар сир сақланишини, бунинг учун улардан рухсат олиниши кераклигини таъкидлаган.

«Биз фонд маълумотларини сир сақламаяпмиз. Шу беш йил ичида биринчи марта журналистлардан фақат Анорахон келди. Келганида бирор маълумотни бермаганмиз, тўғри. Бошқа журналистларга ҳам бермаймиз. Чунки бу шахсий маълумотлар, улар орасида беморларимиз, болаларимиз бор, улар хоҳлашмайди. Лекин мана пайти келганда очиқчасига гаплашяпмиз.

Биз журналистларни жуда ҳам ҳурмат қиламиз. Бироқ ҳамма саволларга ҳам жавоб беролмаймиз. Жуда қизиқишса, беморларимиздан рухсат олишимиз керак. Қуруқ гаплар билан мана шунча операция қилдик десак ҳам журналистлар ишонмайди. Қани бемор дейди? Беморлани кўрсатишга эса бизнинг ҳаққимиз йўқ. Анорахон кўпроқ келсин, ҳамма маълумотларни берамиз», — дея таъкидлади фонд раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Rost24» бош муҳаррири Анора Содиқова нашрнинг сайти ва YouTube’даги каналидан Жаҳонгир Усмонов ва унга алоқадор корхоналар ҳақидаги суруштирув материали таҳдид ва босим сабабли ўчириб юборилганини маълум қилганди. Содиқова ўчириб ташланган материални ўзининг Facebook саҳифасига жойлаган. Мазкур анжуман давомида Жаҳонгир Усмоновнинг ўзи бу масалага ойдинлик киритиб, изоҳ берганди.