Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қайта ташкил этилди
Шавкат Мирзиёев фармони билан Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қайта ташкил этилди. Бу ҳақда «Нигоҳ» хабар берди.

Маълум бўлишича, муассаса Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги этиб қайта ташкил этилган. Қуйидагилар агентликнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
- крипто-активлар айланмаси соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- соҳада инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;
- жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
- давлат бошқаруви ва турли ижтимоий-иқтисодий соҳаларга маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини ва бошқа энг янги технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни ташаббус қилиш ва илгари суришга кўмаклашиш.
Аввалроқ Президент қарори билан Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил этилганди.