Жамият, Жаҳон - 15:41 · 28.04.2022

Марям Тиллаева собиқ эри тармоққа жойлаштирган ярим-яланғоч суратига изоҳ берди

Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 22 ёшли набираси Марям Тиллаева эри томонидан тармоққа жойланган ярим-яланғоч суратига изоҳ бериб, унинг ўзи бунга қарши бўлганини таъкидлади. Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида хабар қолдирди.

Фото: Instagram

Унинг таъкидлашича, мазкур воқеадан сўнг у кучли руҳий босимга ҳам учраган.

«Мен ҳеч қачон бундай фотосуратни жойлаштирмаган бўлардим. Мен розилик бермаганман. Лекин қачонки сиз бир-бирига боғлиқ муносабатда ва кундалик манипуляциялар таъсирида бўлсангиз, бир инсоннинг ‘муҳаббати’ни йўқотиб қўймаслик учун ҳаммасига тайёр бўласиз.

Лекин у (Амиран Сардаров) 35 ёшида бу ўйинни онгли равишда ўйнади. Амиран менга ижтимоий тармоқлар шундай ишлашини, мен бу бўйича ҳеч нарсани тушунмаслигимни, бу хайп эканини айтди. У яна мен уни бу борада қўллаб-қувватлашим кераклигини, ҳаммасини биз учун қилаётганини айтди. Мен йиғладим. Ҳозир ўша ишни ўйласам, афсусланаман.

Унинг постидан кейин кучли нафрат остида қолдим. Мени фоҳиша дейишди, ўлимимни хоҳлашди, таҳдидлар қилишди. Бу суратни Ўзбекистонда ҳамма кўрган, яқинларимга кўрсатган, ҳатто бувиларимга ҳам. Бу уят ва тамға эди. Ва мен энди шу билан умримнинг охиригача яшашга мажбур бўляпман», — деб ёзган Марям Тиллаева.

Эслатиб ўтамиз, Марям Тиллаева Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляеванинг қизи ҳисобланади. У 2000 йил 19 январда туғилган. Узоқ вақтдан бери АҚШда яшаб келадиган Марям россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиққан.

Кейин эса Амиран Сардаров ўзининг Instagram саҳифасига турмуш ўртоғининг ўзи билан ярим-яланғоч ҳолда тушган суратини жойлаган эди.

Скрин: Instagram / @amiran495

Мазкур сурат ўзбек аудиториясида кескин муҳокамаларга сабаб бўлган. Шундан сўнг 5 август куни блогер Каримовлар оиласидан узр сўраб чиққан. Мазкур пост остида Марям Тиллаева сурат унга ёққанини, узр сўраш шарт эмаслигини айтиб изоҳ қолдирган.