Жамият - 8:35 · 28.04.2022

Ўзбек–қирғиз чегарасида қўшимча назорат-ўтказиш пунктлари очилиши мумкин

Ўзбек–қирғиз чегарасида 2022 йилда қўшимча 3–4 та ўтказиш пункти очилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазири лавозимига номзод Жээнбек Кулубаевга таяниб, «Akipress» хабар берди.

Фото: «XS Online»

Маълум қилинишича, Жўқорғи Кенгаш йиғилишида депутат Элдар Сулаймонов Чекобод қишлоғида ёпилган пост борлиги ҳақида маълум қилган.

«Мендаги маълумотларга кўра, чегарани очиш учун Қирғизистонга 40 кишидан иборат Ўзбекистон делегацияси келади. Сиздан бу борада ёрдам беришни илтимос қиламан», — деган депутат.

Ўз навбатида, Жээнбек Кулубаев бу масала Қирғизистон ва Ўзбекистон бош вазирлари учрашувида кўтарилганини маълум қилган.

«Биз шарт-шароитни, улар томони қандай иш қилишини ва бизники нима қилишини ҳисобга олишимиз керак. Биз бу масалани анчадан бери муҳокама қилмоқдамиз, бу йил 3–4 та назорат-ўтказиш пунктини очиш учун шароит яратамиз», — дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Парламентида қирғиз-ўзбек чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари сонини кўпайтириш таклиф қилинганди.