Жаҳон - 19:13 · 28.04.2022

Пентагон Лавровнинг ядро уруши ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди

Пентагон матбуот котиби Жон Кирби Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг ядро уруши таҳдиди мавжудлигини айтган баёнотига муносабат билдирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Кирбининг сўзларига кўра, АҚШ Украинадаги можаронинг ядровий даражада кучайишини истамайди ва воқеаларнинг бундай ривожланиши учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти.

«Ҳеч ким вазиятнинг ривожланишини хоҳламайди. Албатта, ядровий соҳада кескинлашувни ҳеч ким маъқулламайди. Бунинг содир бўлишига ҳеч қандай сабаб йўқ. Россия раҳбарларидан ядровий қарама-қаршилик эҳтимоли ҳақида эшитиб келаётган риторика масъулиятсиз экани аниқ. Албатта, бу сизнинг замонавий ядровий давлатдан эшитишни кутаётган нарса эмас», —  деган Кирби.

Шунингдек, расмий АҚШ ҳарбийлари таҳдидни ҳар куни кузатаётгани ва қўшимча чоралар кўриш учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини айтган.

Ўз навбатида, АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин ядро уруши эҳтимоли ҳақидаги гапларни хавфли риторика ҳисобланиши ва ҳеч ким бундай натижани хоҳламаслигини айтган.

«Бу жуда хавфли эканини бир неча бор айтдик. Ҳеч ким ядровий уруш бўлишини хоҳламайди. Чунки бундай урушда барча томонлар ютқазади, шунинг учун бу билан шуғулланмаймиз», — деган Пентагон раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Ғарб бундай сценарийнинг олдини олишда давом этади. «Украина вазият назоратдан чиқиб кетмаслиги учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда. Халқаро ҳамжамият ҳам бунга эътибор қаратмоқда», — деган Остин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ядро уруши хавфи кучайгани ва буни эътиборсиз қолдириб бўлмаслигини айтганди. Шунингдек, Украина Россияга ультиматум қўйгани ҳақида хабар берилган.